ДХХ Тошкент шаҳрида террористик ташкилотнинг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйди (ВИДЕО)

ДХХ Тошкент шаҳрида террористик ташкилотнинг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйди (ВИДЕО)

ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан мавжуд жиноят иши доирасида Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан мамлакатимизда тақиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг 11 нафар тарафдорларидан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Аниқланишича, ушбу гуруҳни ташкил этган шахснинг ўзи даставвал жорий йилнинг январь ойида диний экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш, ҳозирда Сурия ва Туркия давлатларида қўним топган, асли қирғизистонлик лақаби “Абу Салоҳ” бўлган Сирожиддин Мухторов, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари бўлган “Абдуллоҳ Зуфар” лақабли Зофир Ғаффоров ва “Содиқ Самарқандий” лақабли Содиқ Муҳаммадиевларнинг даъватларини тинглаб, уларнинг таъсирига тушиб қолган.

Сўнгра ўз атрофидаги инсонларни ҳам бу йўлга тарғиб қила бошлаган.

Жорий йилнинг март ойига келиб, у “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти сафига қўшилиш учун Сурия давлатига чиқиб кетишни режа қилган ва бунинг учун ўзига хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб олган.

Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон ва Туркияда жорий этилган карантин чоралари унинг режасининг рўёбга чиқишига халақит берган.

Таъкидлаш лозимки, ноқонуний йиғилишлар давомида гуруҳ аъзолари интернет тармоғи орқали юклаб олинган экстремистик мазмундаги материалларни тинглаб, муҳокама қилишган. Ҳатто, уларнинг бир нечтаси “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш учун Сурия давлатига боришга хайрихоҳлик билдиришган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида тақиқланган диний адабиётлар ва варақалар, компьютер, ноутбук, планшет, мобил телефон ҳамда флеш-карталар борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинди.

Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

×