Наманганда йигит ниқоб кийиб аёл кишининг уйига бостириб кирди

Наманганда йигит ниқоб кийиб аёл кишининг уйига бостириб кирди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган ва эндигина 23 ёшни қаршилаган Нурмуҳаммад Нурматов (исм шарифлари ўзгартирилган)ёш бўлишига қарамай, бирор тайинли ишни бошини тутмаган, енгил-елпи ҳаёт тарзига кўникиб улғайди. Шу боис бугун жиноятга қўл уриб, умрининг гулгун қисмини панжара ортида ўтказадиган бўлди.

Тайинли касби бўлмаган ва ҳали оила қурмаган Нурмуҳаммад 2019 йил 12 июль кунидан 13 июль кунига ўтар кечаси сайр қилиш учун кўчага чиқди. Бемаҳалда, мақсадсиз кўча кезаркан, хаёллар оғушида кетиб борарди. Шу пайт у Учқўрғон тумани, “Намуна” МФЙ, Тошҳовуз кўчасида яшовчи қўшниси И. Абдурахмановнинг эшиги тагидан ўтиб қолди.  Қўшнисининг кўча томонга қараган деразаси очиқ турганлиги ва чироқлари ўчиқлигини кўриб, ичида шайтон васваса қила бошлади.  Хонадон аъзоларининг уйқудалигидан фойдаланиб, уйдан қўлга илинадиган нимадир ўғирлашни ва ўғирланган буюмларни мўмайроқ пулга сотишни ният қилди.

Хаёлига келган фикрдан маст бўлиб, қўшнисининг уйига дераза орқали кирди ва хонадан “Samsung S-6” русумли ҳамда “Samsung J-2” русумли жами нархи 3 млн. 500 минг сўмга тенг бўлган телефон аппаратларини ўғирлаб чиқиб кетди.

Жиноятини яшириш мақсадида орадан бир-икки кун ўтказиб, таниши С.Одиловга “Samsung S-6” русумли телефон аппаратини ўзига тегишли эканлигини, пулга зориққанида беришини айтиб, сақлаб туриш учун берди. “Samsung J-2” русумли телефон аппаратини эса таниши Ш.Ботировага совға қилиб бериб юборди. Бир хафта ўтгач эса иккала телефон аппаратларни қайтариб олиб, С. Одилов ва Ш. Ботировага берилган телефонларни алмаштириб берди.

Хонадон эгаси И.Абдураҳмановнинг ҳуқуқ тартибот идораларига қилган аризаси юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, С.Одилов ва Ш. Ботировалардан телефонлар текшириш учун олинди.

Жиноят ишида ашёвий далил деб топилган бу телефонлар тилхат орқали қонуний эгасига қайтарилди..

Гарчи унга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлса-да, у ўзига хулоса чиқариб олмай, яна қайта жиноятга қўл урди. Бу гал унинг ўлжаси Учқўрғон шаҳри, “Улуғбек” МФЙ кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаро Г. Артиқова бўлди.

2020 йил 8 февраль куни соат 20:30лар чамасида шу ҳудудда сайр қилиб юрган Нурмуҳаммад, ҳудудда қурилишда ишлаб юрган кезлари Г. Артиқова билан бир оз гап талашиб қолганини эслаб қолди. Шу боис, уни бироз қўрқитиб қўймоқчи бўлди. Г. Артиқова вояга етмаган қизлари ва қариндоши Ш. Мирзаҳмедовалар билан телевизор кўриб ўтирган пайтида Нурмуҳаммад, дераза орқали хонадонга кириб келди.

Шу пайт Г.Артиқованинг вояга етмаган қизи ошхона томонга ўтдию, тўсатдан бақириб юборди. Овозни эшитган хонадон эгалари, ювиниш хонасига келганларида, Н. Нурматов юзига қора ниқоб кийиб, иккала қўлига пичоқ ушлаган ҳолатда кириб келаётганига гувоҳ бўлдилар. Қўрқиб кетган аёллар ундан нима хоҳлашини сўрашганида, Нурмуҳаммад телефон аппаратларини беришни талаб қилди.

Унга диван устида электр қувватлагичга уланган ҳолатда турган “Samsung Duos” русумли телефон аппаратни олиб чиқиб кетиши мумкинлигини айтишганида эса у Ш. Мирзаҳмедованинг ҳам телефон аппаратни беришини талаб қила бошлади.

Хонада кўпчилик бўлгани боис вазият жиддий тус олишини билган Н. Нурматов хонадон эгаларининг ҳуқуқ тартибот идораларига қўнғироқ қилмасликларини олдини олиш мақсадида “Samsung Duos” русумли телефон аппаратини олди ва бу ердан жуфтакни ростлади.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Нурмуҳаммад Нурматов айбига иқрор бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Нурмуҳаммад Нурматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қатор бандлари билан айбдор деб топилди.

Жумладан, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59, 61-моддалари тартибида жазолар қисман қўшилиб, ўташ учун узил кесил 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

×