Юлдуз Усмонова ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани учун жазоланмаганига изоҳ берилди (видео)

Юлдуз Усмонова ички ишлар ходимларини ҳақорат қилгани учун жазоланмаганига изоҳ берилди (видео)

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани учун жазоланмагани сабабини маълум қилди.

«Айрим ҳолларда одам ўйламасдан, билмасдан ёки руҳий зўриқиш орқали шундай маълумотларни бериши мумкин. Кейин бундан ўзи пушаймон бўлади. Худди шундай ҳолат бу ерда ҳам бўлди. Юлдуз Усмонова ўз айбини тан олди.

‘Шундай руҳий зўриқиш оқибатида мен шу нарсаларни қилдим. Бу жуда мен учун уятли. Керак бўлса, мен узр сўрайман. Керак бўлса ота-оналарида узр сўрайман’, деди.

Жавобгарлик масаласига келганда, жамиятда ижтимоий балансни ушлаб турадиган айрим ҳолатлар бор. Юлдуз Усмонованинг шахсига келадиган бўлсак, у халқ артисти, халқимизнинг ишончи, ҳурматига сазовор бўлган инсон. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган кўп қўшиқлар айтган. Бундан ташқари, шу пайтда у ҳақиқатан ҳам руҳий зўриқиш таъсирида бўлгани, ички ишлар органлари ходимларининг унга нисбатан адовати йўқлигини инобатга олиб, кечиримлилик, фуқароларга имконият бериш принципидан келиб чиқиб, унга нисбатан маъмурий иш тўхтатилган», — дейди ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.

https://youtu.be/0VbCqlmO9U0

Май ойининг бошида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Instagram’да жонли эфирга чиқиб, ички ишлар ходимларини ҳақоратлаганидан сўнг ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг танқидлари остида қолди.

Тошкент шаҳар ИИББ хонанданинг қилмиши юзасидан суриштирув бошланганини билдирди. Юлдуз Усмонова эса «ҳеч нарсадан хавотир олмаётгани, ҳамма нарса Оллоҳдан экани»ни айтди. Кейинроқ хонанданинг иши судга оширилгани, бироқ хонанда суд мажлисига келмагани хабар қилинди.

Олий суд эса иш бўйича ҳужжатлар судга келиб тушмаганини маълум қилди. Кейинроқ Юлдуз Усмонова қилган ишидан пушаймон эканлигини, хатосини бўйнига олишини билдириб, ички ишлар органлари ходимларидан кечирим сўради. Шундан сўнг бу мавзу кўпчиликнинг эсидан чиққан эди.

Бироқ «Шўрданак» ва «Қалпоқ» ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари ЙПХ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун узр сўрагани акс этган видеолар Ички ишлар вазирлиги томонидан тарқатилганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда соҳа ходимларини очиқдан очиқ ҳақорат қилган хонанда нима сабабдан жазосиз қолгани мавзуси яна кўтарилди.

Маданият вазирлиги ҳажвиячиларнинг ЙПХ ходимлари ҳақидаги ҳазиллари учун кечирим сўраганига муносабат билдириб, маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмаслигини маълум қилди.

×