Ўзбекистонда 8 июнь куни 109 кишида коронавирус аниқланди, 3 киши соғайди. Бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда 8 июнь куни 109 кишида коронавирус аниқланди, 3 киши соғайди. Бир бемор вафот этди

Ўзбекистонда 7 июнь соат 23:00 дан 8 июнь соат 23:00 га қадар коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 109 та ҳолат қайд этилди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 39 нафари Карантин муассасаларидаги фуқаролар орасида;
  • 66 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида – 54 , Навоий вилоятида — 5, Тошкент вилоятида – 4, Наманган вилоятида — 3);
  • 4 нафари хориждан кириб келган (Тошкент вилоятида — 3, Сирдарё вилоятида — 1) халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар орасида аниқланди.

«Сариқ» ҳудуд мақомини сақлаб қолган Тошкент шаҳрида ҳали ҳамон аҳоли орасида коронавирус аниқланиши билан боғлиқ ҳолатлар кўплигича қолмоқда. 8 июнь куни «Ўрикзор» савдо мажмуаси сотувчисининг қариндошлари ва қўшниларида коронавирус аниқланган. Шунингдек, «Равнақ банк»нинг Шайхонтоҳур филиали ходимида коронавирус аниқлангач, банкнинг барча ходимлари инфекцияга текширилишни бошлади. Банк вақтинча мижозларни қабул қилишни тўхтатиб, ўз ишини онлайн равишда давом эттира бошлади.

Наманганда аҳоли орасида қайд этилган ҳолатларнинг иккитаси вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларида аниқланди. Наманганда 5 июнь куни ҳам ички ишлар ходимида коронавирус қайд этилганди.

Коронавирусдан даволаниш

8 июнь давомида 3 нафар фуқаро соғайди. Шундан 2 нафари Самарқанддаги, 1 нафари Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан соғайиб чиқди.

Маълумот ўрнида, Жиззах, Сурхондарё  ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди. Қорақалпоғистон (3 нафар бемор), Андижон (4 нафар бемор) ва Қашқадарё (5 нафар бемор) коронавирусдан холи ҳудудга айланишга яқин турибди.

Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги беморлар эса Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Энг кўп бемор ҳозир айнан Тошкент шаҳрида (838 киши) бўлиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда. Тошкент шаҳрида бу борадаги кўрсаткич бир кун аввал 66 фоиз, икки кун аввал 70 фоиз, уч кун аввал 71 фоиз эди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4440 нафар бемордан 3357 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда. Бир кун аввал бу кўрсаткич 77 фоизни ташкил этган бўлса, икки кун аввал 79 фоиз, уч кун аввал 81 фоиз бўлганди.

Охирги кунларда янги касалланиш ҳолатлари соғайиш ҳолатларидан кўп бўлаётгани учун 28 апрелдан буён биринчи марта шифохоналарда коронавирусдан даволанаётган беморлар сони 1000 нафардан ошиб кетди. Ҳозирда 1065 киши коронавирус инфекциясидан даволанмоқда.

Ўлим ҳолати ва аҳволи оғир беморлар

8 июнь куни Тошкентда коронавирусга чалинган 76 ёшли эркак вафот этди. Х. исмли фуқарода 28 май куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган, 31 май куни беморнинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган. Сунъий нафас олдириш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган. У Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 18-бемор бўлди. Беморларнинг 10 нафари Тошкент шаҳрида вафот этган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1065 нафар бемордан 6 нафари оғир, 2 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка аввалги ахборотда ҳам аҳволи оғир беморлар 6 нафарни, аҳволи ўта оғир беморлар 2 нафарни ташкил этаётгани хабар берилганди. Аммо 8 июнь соат 10:00 даги ССВ ахборотида 6 нафар оғир ва 1 нафар ўта оғир аҳволдаги беморлар ҳақида маълумот берилган. Орадан бир неча соат ўтгач эса Тошкентда 76 ёшли эркакнинг коронавирусдан вафот этгани маълум қилинганди.

Карантиндагилар

Шу кунгача жами 444 715 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, уларнинг 399 413 нафари карантиндан чиқарилган. Бир кун ичида карантинга олинганлар сони 3097 нафарга, карантиндан чиқарилганлар 3064 нафарга кўпайди.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 23 549 нафар, стационар карантинда эса 21 753 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

×