UzAuto Motors ишлаб чиқарган машиналарни четдан олиб киришда бож тўловини бекор қилиш таклиф этилмоқда

UzAuto Motors ишлаб чиқарган машиналарни четдан олиб киришда бож тўловини бекор қилиш таклиф этилмоқда

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналарни четдан олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилинди.

«Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автотранспортлар экспорт қилингандан сўнг ўша автомобилларни юртимизга қайта олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш мақсадга мувофиқ. Хорижда ишлаб чиқарилган (иномаркалар) автомобилларга бож тўловлари ўзгармасдан қолаверсин», — деб ёзган мурожаат муаллифи.

Қайд этилишича, ташқи бозор нархида Ўзбекистон автомобилларини сотиб олиш пул айланмасини бир неча маротаба оширади. Халқ арзон нархларда автомобилларга эга бўлади. Бундан ташқари, миллий маҳсулотни харид қилиш кўрсаткичи ҳам ортади.

«Юқорида келтирилганларни ҳисобга олган ҳолда UzAuto Motors АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомашиналарни четдан олиб киришда бож тўловлари бекор қилинишини таклиф қиламиз», — дейилади петицияда.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси 9 март куни ўзи ишлаб чиқараётган (йиғаётган) енгил автомобиллар нархини модель ва модификациясига қараб 3 фоиздан 21 фоизгача оширган эди. Нархларнинг бу қадар кескин ошиши халқ орасида кескин норозиликларни келтириб чиқарганди.

Ҳатто Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси UzAutoMotors’нинг автомашиналар нархини оширганини кескин қоралаб чиққан, Шавкат Мирзиёев ҳам автомобиллар нархи оширилганини танқид қилганди. Монополияга қарши кураш қўмитаси эса UzAuto Motors АЖ енгил автомобиллар нархларини оширгани юзасидан баёнот бериш билан чекланган.

×