Samsung учта арзонлаштирилган смартфонини эртароқ чиқаряпти

Samsung учта арзонлаштирилган смартфонини эртароқ чиқаряпти

Жанубий кореялик техногигант кейинги кунларда бир нечта янги смартфонни намойиш этишга тайёргарлик кўрмоқда. 91mobiles ресурсининг ёзишича, шулардан учтасини декабрдаёқ тақдим этишади.

Манбаларга кўра, булар – Galaxy S10 Lite, Galaxy Note 10 Lite ҳамда Galaxy A51 моделларидир. Мазкур учта бўлажак бестселлер янги йилгача Ҳиндистонда расман тақдим этилади.

Galaxy S ёки Galaxy Note туркуми вакилларини, гарчи арзонлаштирилган версияда бўлса ҳам, йилнинг сўнгида намойиш этиш – Samsung’га хос одат эмас. Лекин бу компания кейинги пайтларда кутилмаган юришлар билан ҳам бозорда ўзини кўрсатмоқда. Бунинг устига, куни кеча Galaxy S10 Lite модели АҚШнинг Алоқа федерал комиссияси (Federal Communications Commission, FCC) сертификациясидан ҳам ўтган, яъни у сотишга тайёрланиб бўлинган. Ўрта нарх тоифасидаги Galaxy A51 аллақачон оммавий ишлаб чиқарила бошлаган.

Бугунги кунгача унча кўп тилга олинмаган янги смартфонлардан бири эса Galaxy Note 10 Lite бўлади. SM-N770F модел рақамли бу қурилма Samsung’нинг бу йилги фаблетлари орасида энг арзони бўлиши аниқ.

Galaxy S10 Lite, Galaxy Note 10 Lite ҳамда Galaxy A51 моделларига қандай нарх белгиланиши ҳозирча номаълум. Аллақачон сотувга чиққан аксарият Samsung телефонларини эса 705 000 сўмдан бошланувчи нархлар эвазига харид қилиш имкони бор.

×