Дунё аҳолисининг 10 фоиздан ортиғи интернетдан фойдаланиш билан боғлиқ муаммога дуч келаётган бўлиши мумкин. Психиатр ва психологлардан иборат халқаро комиссия бунинг сабабини одамларнинг иродасизлигида эмас, рақамли платформаларнинг тузилишида кўрмоқда. Тадқиқот ҳақида “Earth.com” нашри хабар берди.
Мутахассислар мавжуд илмий ишларни ўрганиб, қарамлик қанчалик кенг тарқалганини баҳолашга уринди. Бу тоифага ўйин ва қиморга боғлиқ муаммолар, васвасали онлайн-харидлар ҳамда ижтимоий тармоқдан узилолмаслик киради. Киберхондрия ҳам шулар қаторида: киши интернетдан хавотир билан касаллик аломатларини излайверади.
Ёшлар хавф остида
16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ўсмирлар ва ёшлар ижтимоий тармоқларда кунига ўртача 3,5 соат ўтказади. Даромади паст ва ўртача мамлакатларда бу муаммо бой давлатларга қараганда тез-тез учрайди.
Флиндерс университетининг катта илмий ходими Андреа Чако айтишича, кўплаб сервислар фойдаланувчи диққатини ушлаб туриш учун атайлаб шундай лойиҳалаштирилади. Тугамайдиган лента, видеоларнинг ўзи ишга тушиши, шахсий тавсиялар ва кутилмаган мукофотлар телефонни ўз вақтида четга қўйишга халақит беради.
Маъруза муаллифлари сунъий интеллектли чат-ботлар ривожидан ҳам хавотирда. Уларнинг ёшларга таъсири ҳозирча деярли ўрганилмаган.
Тақиқ эмас, хавфсиз дизайн
Экспертлар мактабларда смартфонни тақиқлаш ёки видеоўйинларга қатъий чекловлар қўйиш кўпинча кутилган натижани бермаслигини қайд этган. Улар ҳукуматларга бошқача йўл тавсия қилмоқда. Технологик компаниялар хавфсиз дизайнни жорий этиши, болалар учун диққатни ушлаб турувчи функцияларни чеклаши керак. Фойдаланувчиларга эса уйқу ва руҳият учун хавфлар ҳақида огоҳлантириш бериб бориш лозим.
Бундай талаблар янги эмас. Яқинда АҚШнинг 29 та штати “Мета” компаниясини судга берган эди. Штатлар Фейсбук ва Инстаграм болалар ҳамда ўсмирларда қарамлик уйғотадиган, руҳий саломатликка зарар етказадиган тарзда ишлаб чиқилганини даъво қилган.









