Дунёнинг энг йирик парол менежери 1Пассворд хакерлар ҳужумига учради

Дунёнинг энг йирик парол менежери 1Пассворд хакерлар ҳужумига учради

Дунёдаги энг йирик парол менежерларидан бири — 1Пассворд хакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда платформани ишлаб чиқувчи компаниянинг ўзи хабар берди. Бузиб кириш ҳолати жорий йилнинг 19 ноябрь куни аниқланган.

Ҳужум қандай содир бўлди

Хакерлар компания ходимларидан бирининг ГитХабдаги корпоратив аккаунтига кириш ҳуқуқини қўлга киритган. Улар шу аккаунт орқали ички хизматларга зарарли код жойлаштирган. Натижада жиноятчилар фойдаланувчи ҳисоб қайдномаларига оид маълумотларнинг бир қисмига эга бўлган. Булар тизимга кириш учун керак бўладиган исмлар ва электрон почта манзилларидир.

Компания пароллар сақланадиган асосий омбор бузилмаганини алоҳида таъкидлади. Ҳужум қанча фойдаланувчига таъсир қилгани эса аён эмас. 1Пассворд бу саволга аниқлик киритмади.

Қандай чоралар кўрилди

Бузилган ГитХаб аккаунти блокланди. Шунингдек, таклифнома хатлари ва киришни тиклаш хатларида ишлатиладиган кодлар узунлиги олтитадан ўнта белгигача оширилди.

Фойдаланувчиларга 1Пассворд номидан келадиган фишинг ҳужумларидан эҳтиёт бўлиш тавсия қилинган. Фишинг — алдов йўли билан махфий маълумотларни қўлга киритиш усули. У одатда электрон хатлар ёки СМС-хабарлар орқали амалга оширилади. Компания платформа парол ёки махфий калитни сўраб мижозлар билан ҳеч қачон боғланмаслигини ҳам эслатди.

Ҳодиса муносабати билан ҳеч қандай янгиланишлар режалаштирилмаган. Исмлар ва почта манзиллари фишинг учун қулай восита бўлгани боис, фойдаланувчилар шубҳали хабарларга эътиборли бўлгани маъқул.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси мамлакат бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фойдаланадиган жиноятчиликка оид маълумотлар базасига хакерлар кирган бўлиши мумкинлигини текшираётгани хабар қилинган эди.

Теглар:
×