Флоридада ота уч фарзанди ва хотинини отиб, ўзини ўлдирди

Флоридада ота уч фарзанди ва хотинини отиб, ўзини ўлдирди

АҚШнинг Флорида штатидаги Плант-Сити шаҳрида 19 ноябрь куни оилавий фожиа юз берди. Эркак уч нафар фарзанди ва хотинини отиб ўлдирди, кейин ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Haberler нашри хабар берган.

Ҳилсборо округи шерифи идорасининг маълум қилишича, соат 15:29 атрофида фавқулодда ёрдам хизмати 911 га қўнғироқ тушган. Алоқа узилмагани учун оператор уй ичидаги овозларни эшитиб турган.

911 оператори нималарни эшитди

Эркакнинг "Кечир, дўстим" деган гапидан сўнг ўқ овози янграган. Кейин кичкинтой боланинг отасига ёлвориб, уни ўлдирмасликни сўраши эшитилган. Округ шерифи Чад Кронистернинг айтишича, бола "Дада, илтимос, менга қарата ўқ узманг, мени ўлдирманг" деган сўзларни уч-тўрт марта такрорлаган. Сўнг яна бир ўқ овози эшитилган. Қўнғироқни айнан ким қилгани ҳозирча аниқланмаган.

Полиция ходимлари қўнғироқдан тахминан 10 дақиқа ўтиб воқеа жойига етиб келган. Улар дастлаб уй ичида қимирламай ётган болани кўрган. Эшикни бузиб кирган ходимлар бир, уч ва беш ёшли уч нафар бола, уларнинг онаси ва отаси ҳалок бўлганини аниқлаган.

Тергов давом этмоқда

Дастлабки маълумотларга кўра, ота аввал уч фарзандини, кейин хотинини отган. Охирида ўзига ўқ узган. Оила бу ҳудудга тахминан бир йил олдин кўчиб келган. Шу вақт ичида уларнинг уйидан полицияга бирор марта мурожаат ёки шикоят тушмаган.

Шериф Кронистер воқеа жойида журналистларга баёнот бериб, ҳодисани "соф ёвузлик" деб атади. Унинг сўзларига кўра, кичик ёшдаги болаларнинг ўлими полиция ходимларини ҳам қаттиқ ларзага солган. 911 қўнғироғига жавоб берган оператор ва уйга кирган полициячиларга ҳозир психологик ёрдам кўрсатилмоқда.

Полиция беш кишининг ўлимига олиб келган ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб бормоқда. Оила аъзоларининг шахси ҳозирча ошкор қилинмаган.

Яқинда Пенсильвания штатида ҳам шунга ўхшаш фожиа бўлган эди. У ерда 45 ёшли эркак ўз уйида ҳомиладор аёл ва болалар қатори саккиз кишини отиб ўлдириб, кейин ўзини ҳам ўлдирган. АҚШ, Флорида, Оилавий фожиа, Полиция Флорида фожиа, Плант-Сити, Ҳилсборо округи шерифи, Чад Кронистер, 911 қўнғироқ, ота фарзандларини отди, АҚШ оилавий зўравонлик, Флорида қотиллик 64

Теглар:
×