Халқаро футбол федерацияси (FIFA) президентлигига номзодлардан аризалар қабул қилиш бугун, 18 ноябрда якунланади. Сайлов 2027 йил 18 мартда Марокашнинг Работ шаҳрида, FIFA 77-Конгрессида ўтказилади. Ҳозирга қадар тўрт киши номзодини қўйиш ниятини билдирган.
Номзод бўлиш учун камида бешта аъзо ассоциациянинг қўллови керак. Бундан ташқари, сўнгги беш йилнинг камида икки йилида FIFA, конфедерациялардан бири ёки миллий футбол ассоциациясида футболчи ёхуд расмий шахс сифатида ишлаган бўлиш шарт.
Номзодлар кимлар
Амалдаги президент Жанни Инфантино тўртинчи муддатга сайланмоқчи. У 2016 йилда коррупция можаросидан кейин истеъфога чиққан Зепп Блаттернинг ўрнига келган, 2019 ва 2023 йилларда рақобатсиз қайта сайланган. Июль ойида The Guardian нашри аъзо ассоциацияларнинг аксарияти Инфантинони қўллашини ёзган эди.
Кейин Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқининг бир қисмини сотиш режаси атрофида можаро чиқди, FIFA бу режадан воз кечишга мажбур бўлди. UEFA FIFA турнирларини бойкот қилишга чақирган пайтда Инфантино узр сўради. UEFA узрни қабул қилмади, лекин бу баёнот Осиё футбол конфедерацияси билан муносабатни юмшатди: дастлаб уни танқид қилган ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа кейинчалик қўллаб-қувватлашини айтди. Африка конфедерацияси (CAF) ҳам Инфантинони қўллашда давом этмоқда.
Швейцария терма жамоасининг собиқ сардори Рамон Вега номзодини 7 октябрда эълон қилди. У ташкилотни ислоҳ қилиш, обрўсини тиклаш ва футболга ишончни қайтаришни мақсад деб атади. Вега 2015, 2019 ва 2023 йилларда ҳам курашга чиққан, аммо зарур қўллов тополмаган.
Франция футбол федерацияси президенти Филипп Диалло 16 ноябрда номзодини эълон қилди. Уни UEFA Ижроия қўмитаси ва FIFA Кенгашидаги Европа вакиллари бир овоздан қўллаган. UEFA таркибида 55 та миллий ассоциация бор, шу сабабли Диалло Инфантиноинг асосий рақибларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Япония футбол ассоциациясининг фахрий президенти ва FIFA Кенгаши аъзоси Козо Тасима 5 ноябрда курашга чиқишини маълум қилди. Унинг бешта миллий федерация қўллови бор. У Япония терма жамоасининг собиқ футболчиси ва FIFA президентлигига даъвогар илк япониялик.
Овоз бериш қандай ўтади
FIFAнинг 211 та аъзо ассоциациясидан ҳар бири мамлакати катта-кичиклигидан ва футболдаги ютуқларидан қатъи назар, битта овозга эга. Иккитадан ортиқ номзод қатнашса, биринчи босқичда ғолиб бўлиш учун овоз беришга ҳақли ассоциацияларнинг камида учдан икки қисми овози керак.
Ҳеч ким бунча овоз тўплай олмаса, кейинги босқичларда энг кам овоз олганлар навбатма-навбат чиқиб кетади. Жараён икки номзод қолгунча давом этади.









