Украина кутилмаганда Россия ҳудудига бостириб кирди: Путин шошилинч йиғилиш ўтказди

Украина кутилмаганда Россия ҳудудига бостириб кирди: Путин шошилинч йиғилиш ўтказди

6 август куни эрта тонгда Украина қуролли кучлари 300 нафарга яқин отряд билан Россиянинг Курск вилоятига ҳужум қилди. Икки кундан бери Курскда жанглар давом этмоқда.

Фавқулодда ҳолат

7 август куни Курск вилоятида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов маълум қилди.

Смирновнинг қайд этишича, Украина билан чегарадош ҳудудларда «қийин оператив вазият сақланиб қолмоқда».

Курск атом электр станциясининг хавфсизлиги Россия гвардиясининг қўшимча кучлари томонидан таъминланади. Оператив штабга қўшимча бўлинмалар келтирилган.

Молия вазирлигига Курск вилоятига 1,8 миллиард рубль миқдоридаги биринчи траншни ажратиш топширилди.

Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовнинг сўзларига кўра, рус қўшинлари Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига чуқур кириб боришини тўхтатган. Украина томони эса вазиятни ҳали изоҳламади.

Суджа шаҳрининг ҳолати

Украина чегарасидан тўққиз километр узоқликда жойлашган Суджа шаҳрида вазият жуда кескинлигича қолмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Виталий Слашчев маълум қилди.

Гувоҳларнинг айтишича, Суджада электр, сув ва алоқа тармоқлари узилган. Шаҳардаги кўплаб уйлар вайронага айланган, бинолар томлари ва деразалари синган. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, отишмалар деярли бир кундан ортиқ тўхтамаган.

Суджада худди шу номдаги газ ўлчаш станцияси мавжуд бўлиб, у Россия газини Европа Иттифоқига етказиб бериш учун энг катта транзит йўлаги ҳисобланади. Агар Украина Қуролли Кучлари ушбу марказга зарар етказса, Европа газсиз қолади.

Путин шошилинч йиғилиш ўтказди

Россия президенти Владимир Путин хавфсизлик кучлари билан Курск вилоятидаги вазият юзасидан йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари Герасимовнинг ҳисоботини видеоалоқа орқали тинглади. Герасимов Россия кучлари Украина армиясини Россия ҳудуди чегараларидан ташқарига суриб қўйишига ваъда берган.

Путиннинг айтишича, Украина ҳукумати Курск вилоятига ҳужум билан навбатдаги провокация уюштирган.

Учрашув якунлари бўйича Путин бош вазирнинг биринчи ўринбосари Денис Мантуровга Курск вилояти аҳолисига ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни мувофиқлаштиришни топширган.

Москва вилояти Курскдан 430 нафар болани эвакуация қилиш учун 15 та автобус жўнатган.

Жабрланганлар

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Украина ҳарбийларининг Курск вилоятига ҳужумидан жабрланганлар сонини маълум қилди. Унда 31 киши жабрлангани, улардан олти нафари болалар экани қайд этилган.

Хусусан, россиялик ҳарбий мухбир Евгений Поддубнийнинг автомобили дрон ҳужумига учраган. Даслаб унинг Курск вилоятида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди, кейинроқ у тирик экани, бироқ оғир аҳволда шифохонага етказилгани маълум қилинди.

АҚШ олдиндан хабардор қилинмаган

Оқ уй вакилининг таъкидлашича, Украина Курск вилоятига бостириб кириши ва бундан кўзланган мақсад ҳақида АҚШни олдиндан огоҳлантирмаган.

Қўшма Штатлар Украина Қуролли кучларининг Россиянинг Курск вилоятида рейд ўтказиш режалари ҳақида олдиндан билмаган ва бу ҳаракатлар мақсадини тушуниш учун Украина қўмондонлиги билан боғланишни режалаштирмоқда, деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.

«Биз украиналикларга уларнинг мақсадлари ҳақида аниқроқ маълумот олиш учун мурожаат қиламиз», деди у.


Теглар:
×