Ўзбекистонда Google Pay халқаро тўлов хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда бугун, 19 октябрь куни Самарқандда C5+1 форматида ўтказилаётган тадбирлар доирасидаги “Рақамли технологиялар”га бағишланган панель сессиясида маълум қилинди.
Сессияда сўзга чиққан Google Cloud компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича ҳукумат билан алоқалар ва давлат сиёсати масалалари раҳбари Марцин Красуски хизмат Ўзбекистонда иш бошлаганини эълон қилди.
“Менимча, Ўзбекистон илғор рақамли тартибга солиш бўйича етакчилардан бири. Шу сабабли бугун Google Ўзбекистонда GPay — Google Pay хизматини ишга тушираётганини мамнуният билан эълон қиламан”, дейди у.
Панель сессияси Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ давлат идоралари вакиллари, шунингдек, етакчи компаниялар иштирокидаги бизнес дастур доирасида ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 26 март куни Президент “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида” ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат билан барча шахсий маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда сақлаш талаби бекор қилинди.
Эндиликда ушбу талаб биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телекоммуникация операторлари абонентларининг маълумотларига нисбатан сақланиб қолган. Қолган шахсий маълумотларни эса белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда хорижда қайта ишлаш мумкин.
Июль ойида Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов хизматларини ишга тушириш учун техник ишлар олиб борилаётгани маълум қилинганди. Марказий банк маълумотига кўра, сентябрь ойида хизматларни ишга тушириш бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган, бироқ улар айнан шу ойда ишга туширилиши кўзда тутилмаган.
Кейинчалик Марказий банкнинг Тўлов тизимларини ривожлантириш департаменти раҳбари Жамшид Усмонов Apple Pay ва Google Pay хизматлари яқин ойларда ишга тушиши мумкинлигини маълум қилган.
Тасодифий хабарлар
Эрон cуди президент Трампни ҳибсга олишга ордер берди
Ўзбекистонга қурол-яроқ ва ўқ дориларни яширинча олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олинди
Тошкентда 4 июль 150 йил ичидаги энг иссиғи бўлди
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилади
Ўзбекистон давлат филармонияси 369 млн сўмга «Malibu-2» сотиб олди