Ўзбекистонда 4 йилда болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилган

Ўзбекистонда 4 йилда болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилган

Ўзбекистонда 4 йилда 14 ёшга тўлмаган болаларнинг номусига тегиш бўйича 445 та иш қўзғатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова маълум қилди.

Унинг билдиришича, 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига тегиш бўйича 2022 йилда 85 та, 2023 йилда 108 та, 2024 йилда 129 та, 2025 йилда 123 та – тўрт йил ичида 445 та жиноят иши қўзғатилган. Депутат ушбу статистикани келтириб, “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси асосида киритилган – болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг мазмунига тўхталган.

Унинг билдиришича, қонун лойиҳасида 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилмоқда.


Иккинчидан, қонун лойиҳасида боланинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларни содир этган шахслар жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жавобгарликдан ва жазони ижро этиш муддати ўтганлиги боис жазодан озод қилинмаслиги қатъий белгиланмоқда. Бу орқали бола ҳаётига тажовуз қилган оғир қилмишлар учун жазо муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилмоқда.

Учинчидан, болаларни ҳимоя қилиш фақат жиноят содир этилгандан кейин жазо тайинлаш билан чекланмайди. Зўравонликни олдини олиш, жабрланган боланинг ҳуқуқларини таъминлаш ва унинг манфаатларини тергов ҳамда суд жараёнларида ҳимоя қилиш ҳам бирдек муҳимдир. Шу мақсадда зўравонликдан жабрланган вояга етмаганларни сўроқ қилиш жараёни видеоёзув орқали қайд этиш, жинсий эркинликка қарши жиноятлар бўйича жабрланган бола билан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчини юзлаштиришни махсус тартиб асосида ўтказиш таклиф этилмоқда. Болага яқин шахслар томонидан зўравонлик содир этилган ҳолатларда эса жиноят ишини судга қадар юритиш ва суд муҳокамаси жараёнларида васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда”, дейди депутат.

Унинг билдиришича, тўртинчидан, зўравонликдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш механизми жорий этилмоқда. Бу болаларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларнинг моддий имкониятларидан қатъи назар, малакали юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиради.

Бешинчидан, вояга етмаганга нисбатан қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳолаш, шунингдек, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жазо чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

Олтинчидан, ҳужжатда болаларнинг хавфсизлиги учун ота-она ва таълим муассасалари ходимларининг масъулияти ҳам алоҳида белгиланмоқда. Болаларни тарбиялаш мажбуриятини бажармаслик, шаҳвоний шилқимлик қилиш ва никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш каби ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш, таълим-тарбия жараёнида педагог томонидан болага нисбатан зўравонлик содир этилган тақдирда эса меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилиш учун ҳуқуқий асос яратиш ҳам таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш ҳам назарда тутилган.

“Асосийси, зўравонликка учраган бола ёрдам сўраш учун идорама-идора югурмаслиги, ўз бошидан кечирган даҳшатли воқеани қайта-қайта сўзлаб беришга мажбур бўлмаслиги керак. Аксинча, давлатнинг ўзи унинг олдига бориши керак. Унга ёрдам қўлини чўзиши, ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаши шарт. Хорижий тажриба ўрганиш мақсадида Дания, Хорватия, Швеция, Швейсария, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Грузия ва Озарбайжон давлатларининг қонунчилиги ўрганиб чиқилди”, дейди Гулруҳ Агзамова.

Унинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилмайди. Қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Олий суд, Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий гвардия, бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан келишилган.


×