Миср бош мураббийи - Аргентинанинг ғалабаси адолатсиз бўлди

Миср бош мураббийи - Аргентинанинг ғалабаси адолатсиз бўлди

Миср миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳуссам Ҳасан Аргентинага қарши Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал учрашувидан кейин FIFA Аргентинага ён босаётганини айтди. Бу ҳақда у ўйиндан кейин журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг фикрича, амалдаги жаҳон чемпионларининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси адолатсиз бўлган ва бунда мусобақани ташкил этувчи FIFA’нинг манфаатлари ҳам роль ўйнаган.

Аввалроқ, Миср терма жамоаси Аргентинага қарши баҳсда 79-дақиқага қадар икки тўп фарқи билан олдинда бораётганига қарамай, учрашувни 2:3 ҳисобида бой берган эди. Ҳасан ўйин якунида ҳакам билан тортишиб қолгани учун сариқ карточка ҳам олди.

“Биз амалдаги жаҳон чемпионларидан ҳар томонлама устун ўйнадик. Бироқ натижага нафақат майдондаги, балки ундан ташқаридаги омиллар ҳам таъсир қилди. Балки улар жаҳон чемпионини мусобақада сақлаб қолишни хоҳлагандир, балки Лионель Мессининг турнирда иштирокини давом эттиришни истагандир. Футболда баъзан техник жиҳатлардан ташқари омиллар ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Жаҳон чемпионлари барча даражада қўллаб-қувватланди”, дейди Ҳасан.

Унинг таъкидлашича, учрашув натижасига ишониш қийин.

“Ҳаётнинг ўзи адолатсиз. Шундай экан, нега спортда ҳам адолат бўлмаслиги керак? Мен бу натижага ҳам, ўйиннинг қандай кечганига ҳам ишонмайман. “Омадсизлик” деб аташни истардим, аммо бизга нисбатан адолатсиз муносабат бўлди. Бу ноқонуний эди. Мен ҳакамга ҳам Аргентинанинг ғалабага муносиб эмаслигини айтдим. Мамлакатимга қайтганимдан кейин бошқа ҳеч қачон Жаҳон чемпионатини томоша қилмайман, чунки бу мусобақада адолат йўқ”, дейди мисрлик мутахассис.

Ҳуссам Ҳасан ўз фикридан қайтмаслигини ҳам қўшимча қилди.

“Оқибати қандай бўлишидан қатъи назар, ўйлаганимни айтаман. Бу ўйин аниқ сохталаштирилган эди ва бутун дунё буни кўрди. Агар улар Аргентинанинг ғалаба қозонишини шунчалик хоҳлаган бўлса, нега бошқа жамоаларни ҳам мусобақага чақиришади? Жаҳон чемпионати маркетинг индустриясига айланиб қолгани аниқ”, дея хулоса қилди Миср терма жамоаси устози.

Маълумот учун, Аргентина чорак финалда Швейцарияга қарши майдонга тушади. Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада давом этмоқда ва мусобақа жорий йилнинг 19 июль куни якунига етади.


Теглар:
×