Ўзбекистонда қадимий юнон ҳарбий лагери топилди

Ўзбекистонда қадимий юнон ҳарбий лагери топилди

Ўзбекистон жанубидаги қадимий тепаликлардан бирида олиб борилган тадқиқотлар натижасида эллинистик даврга оид юнон ҳарбий лагери излари аниқланди. Археологлар Искандартепа ҳудудидаги иншоот оддий аҳоли пункти эмас, балки қисқа муддат фойдаланилган ҳарбий пост бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда “Greekreporter” хабар берди.

Тадқиқотлар Чехия ва Ўзбекистон археологлари ҳамкорлигида олиб борилган. Прагадаги Чарльз университети олими Ладислав Станчо бошчилигидаги гуруҳ мазкур ҳудудни 2017 йилдан бошлаб ўрганиб келмоқда. 2021 йилда эса мутахассислар магнитометрия ва ер остини аниқлаш технологиялари ёрдамида ҳудудни батафсил текширган.

Геофизик тадқиқотлар натижасида қарийб 6 гектар майдон ўрганилиб, тепалик атрофида узунлиги 400 метрга яқин мудофаа хандақи аниқланган. Кейинги қазиш ишлари хандақнинг эни 4-7 метр, чуқурлиги эса 85 сантиметргача бўлганини кўрсатган.

Археологлар хандақ ичидан ёғоч ҳимоя деворларига тегишли бўлиши мумкин бўлган устун изларини ҳам топган. Бу эса ҳудуд вақтинчалик, аммо ҳимояланган ҳарбий қароргоҳ сифатида фойдаланилганини кўрсатади.

Лагер ичкарисидан катта ҳажмдаги сопол сув идишлари хумлар топилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу идишларда озиқ-овқат эмас, балки сув сақланган. Чунки ҳудудда доимий бинолар ёки табиий сув манбаи бўлмаган.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар ҳудуднинг шарқий ва ғарбий қисмларида 90 га яқин овал шаклдаги чуқурларни аниқлаган. Уларнинг айримлари кейинги даврларда қабристон сифатида ишлатилгани тахмин қилинмоқда.

Топилмалар орасидан Юнон-Бақтрия ҳукмдорлари Эвтидем I ва Деметрий I даврига оид тангалар ҳам аниқланган. Булар ушбу жой милоддан аввалги II асрда, эллинистик давр воқеаларига ишора қилади.

Олимлар Искандартепани Сўғдиёна ҳудудидаги Бойсари тепаси билан таққослаб, унинг тузилиши Марказий Осиёдаги кам учрайдиган юнон ҳарбий лагерлари намуналаридан бири эканини қайд этган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур кашфиёт геофизик усуллар ёрдамида кўзга ташланмайдиган қадимий ёдгорликларни аниқлаш мумкинлигини яна бир бор исботлаган.


Теглар:
×