“Ғурурингизга ўт тушди”. Алишер Қодиров футболчиларни кескин танқид қилди

“Ғурурингизга ўт тушди”. Алишер Қодиров футболчиларни кескин танқид қилди

Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги “хизмат кўрсатган” футболчилар билан хайрлашиб, шу Жаҳон чемпионатининг ўзидаёқ кейинги саралаш даврида фойда берадиган футболчиларга имконият бериш лозим. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ўзининг Telegram-каналида ёзди.


Қодиров Ўзбекистон миллий терма жамоасининг АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги NRG стадионида бўлиб ўтган Португалияга қарши учрашувдаги 5:0 ҳисобидаги мағлубиятидан сўнг мутасадди ва футболчиларни аёвсиз танқид қилди.

“Бу мундиалда жамоани ярми бўлоладиган дарвозабон йўқ эди, жиддий бўшлиқ. Фикрим ўзгарди, Осиё кубогини олиш деган хомхаёл билан бирга таркибдаги “хизмат кўрсатган”лардан кечиб, шу мусобақадаёқ кейинги саралаш даврида ишлайдиган таркибни ўйнатиш керак”, деб ёзади Қодиров.

Шунингдек, депутат терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро Беҳруз Каримов, Аббос Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов каби футболчилар атрофида терма жамоани шакллантиришини ва келаси икки Жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам рақобатлаша оладиган 30 нафарлик таркибни аниқлаштириши кераклигини айтиб ўтди.

“Ҳа, сиз бунга лойиқ эмассиз деб айта олмайман, чунки майдон текис, тўп юмалоқ ва уларда сиздан ортиқ ўйинчи, оёқ ёки қўл йўқ эди, лекин сиз бунга рози эмассиз, умид берадиган қисми шу ерда… Босим бўладими, момақалдироқ чақадими – Конго билан ўйинни биз эмас, ўзингиз учун ўйнанг, футболчи нонини еяпсиз, ғурурингизга ўт тушди, адашмасам…”, деб ёзади Қодиров.

Фикрлари сўнгида Қодиров Ўзбекистон миллий терма жамоасини Осиёнинг энг кучли терма жамоалари қаторига кирмаслигини ҳам айтиб ўтди.

“Осиёнинг зўр ва энг зўрлари аниқ ва биз у ерда эмасмиз”, дейди Қодиров.


×