«Президентликка Алишер Қодир…» — Алишер Қодиров сайлов кампаниясини бошлади

«Президентликка Алишер Қодир…» — Алишер Қодиров сайлов кампаниясини бошлади

20 сентябрдан Ўзбекистон Президентилигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод бўлган Алишер Қодиров ўз сайлов кампаниясини бошлаб юборган.
Сайлов кодексига кўра, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Бу кун 19 сентябрга тўғри келган. Шу муносабат билан, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод бўлган Алишер Қодиров ўз сайлов кампаниясини бошлаган. Номзоднинг «Алишер Қодир…» шиори остидаги баннерлари ва эълон қилинган видеороликни кўриш мумкин.

«Оқни оқ, қорани қора деймиз. Ҳақиқатга тик боқамиз. Муаммоларни тан оламиз ва барчасини бугун ўзгартирамиз. Ўзбекистонни ўзгартиришга қодир — Алишер Қодировга овоз беринг», — дейилади роликда.

Ижтимоий тармоқларда эрта тонгдан Алишер Қодиров тасвирланган баннер муҳокама қилинмоқда ва биринчи қарашда «Президентликка Алишер Қодир» — «Алишер президентликка қодир» каби ўқиладиган сўзлар тасвирланган. Яхшилаб эътибор берилса, тўлиқ матн пайдо бўлади: «Президентликка номзод Алишер Қодиров» деган сўзларни кўриш мумкин.

Шунингдек, бугун, 20 сентябрь куни соат 17:00 да Самарқанд шаҳридаги «Регистон» майдонида Алишер Қодировнинг илк митинги бўлиб ўтади. Июнь ойида берган интервьюсида Алишер Қодиров бўлажак сайловларда партиянинг «муқобил ғояси бўлиши»ни айтган эди. Унда у ҳамма нарсада ҳам ҳамфикр эмаслигини таъкидлаганди.


×