Германияда Алишер Усмоновга қарши иккинчи тергов ҳам тўхтатилди

Германияда Алишер Усмоновга қарши иккинчи тергов ҳам тўхтатилди

Германиянинг Мюнхен шаҳри прокуратураси тадбиркор, USM холдинги асосчиси Алишер Усмоновга (“Forbes” баҳосига кўра бойлиги 16,7 млрд доллар) нисбатан санкцияларни бузиш гумони бўйича олиб борилган терговни тўхтатди. Бу ҳақда тадбиркорнинг вакиллари РБКга маълум қилди.

Адвокатларнинг аниқлик киритишича, қарор Германия Жиноят-процессуал кодексининг 153а-моддасига мувофиқ қабул қилинган. Усмонов ихтиёрий равишда хайрия мақсадларига бадал киритишга қарор қилган.

“Худди шу гумонлар бўйича терговни қайта бошлаш истисно қилинади, А. Усмоновга нисбатан айбсизлик презумпцияси сақланиб қолади”, дейди адвокатлар.

Назорат органлари аввалроқ Усмонов 2022 йил апрелидан сентябригача хорижий компаниялар орқали Роттах-Эгерн жамоасидаги кўчмас мулк объектларини қўриқлаш хизматлари учун ҳақ тўлаганини маълум қилган. Прокуратура, шунингдек, у Германия Федератив Республикасида жойлашган мол-мулкини Федерал иқтисодиёт ва экспорт назорати идораси (BAFA)да декларация қилмаган бўлиши мумкин, деб гумон қилган. 2024 йилда бу эпизодлар битта иш доирасида бирлаштирилиб, дастлабки тергов мақоми берилган. Усмоновнинг адвокатлари унинг ушбу компаниялар ва мулк билан алоқадорлигини, шунинг учун, ЕИ санкцияларининг қўлланишини инкор этган. Охир-оқибат тергов тўхтатилган.

Бунгача Франкфурт-Майндаги бош прокуратура Усмоновга нисбатан бошқа бир терговни – пул ювиш гумони бўйича ишни ҳам тўхтатган. У 2024 йил ноябрида айбловлар қўйилмасдан ёпилган. Ўшанда “Spiegel” нашри тадбиркор 555 млн евро миқдоридаги солиқлардан бўйин товлаганликда гумон қилинганини ёзган. Алишер Усмоновнинг вакили эса РБКга 2014 йилдан бери у Россияда солиқлар тўлашини ва икки томонлама солиққа тортишни олдини олиш тўғрисидаги келишув сабаб Германияда даромад солиғини тўлашга мажбур бўлмаганини билдирган.

Усмонов 2022 йил февралида Европа Иттифоқи санкцияларига тушган. Тадбиркор бу қарорни адолатсиз, “сохта ва асоссиз айбловлар”га таяниб қабул қилинган деб атаб, уни судда рад этишга уринган. Шунингдек, у ўзига нисбатан тенг муносабат ва камситмаслик тамойиллари, мутаносиблик принципи, мулк ҳуқуқи, шахсий ҳаётни ҳурмат қилиш ва фикр билдириш эркинлиги бузилганини таъкидлаган. Бироқ ЕИ суди тадбиркорнинг даъволарини бир неча бор рад этган.

Усмонов ЕИ санкциялар рўйхатига киритилгач, ОАВга қарши бир неча бор даъво аризалари билан чиққан. Хусусан, 2024 йил январида Гамбург суди унинг “Forbes”га қарши даъвосини қаноатлантириб, Усмонов “Россия Президенти Владимир Путиннинг қўғирчоғи бўлган” ва Мюнхенда кўчмас мулкка эга экани ҳақидаги баёнотларни ишончсиз деб топган. 2025 йил февралида эса Усмонов Берлиннинг “Tagesspiegel” нашрига қарши ишда ғалаба қозониб, санкцияларни асослаш ва Германиядаги терговларга сабаб бўлган қатор даъволарни тарқатишни тақиқлатишга эришган. 


Теглар:
×