Россияда тожикистонлик мигрант оиланинг 10 яшар боласи мактабда ваҳшийларча 15 яшар ўқувчи томонидан ўлдирилиши, мамлакатда узоқ йиллардан буён олиб борилаётган антимигрант сиёсатининг мевасидир. Бу ҳақда Россиядаги миллатчилик ғояларига қарши дадил чиқишлар қиладиган ўзбекистонлик саноқли сиёсатчилардан бири – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида айтиб чиқди.
У бўлиб ўтган воқеадан чуқур қайғуда эканини айтаркан, болакайнинг яқинлари, оила аъзолари ва бутун тожик халқига ҳамдардлик билдирган.
“Бу ваҳшийликнинг сабабини англашга уринар эканман, авваламбор, бу йиллар давомида юритилган аксилмигрант сиёсатнинг маҳсули, деб биламан”, дейди Бекмуродов.
Унинг қайд этишича, Россияда йиллар давомида антимигрант сиёсати тарғиб қилинмоқда. Бунинг зарарли ва аянчли оқибатлари кўп бўлиши мумкин.
“Биз Марказий Осиёда бирдамлик, якдиллик сиёсатини фаол қўллаб-қувватлашимиз ва бирлашишимиз, бир тан-у бир жон бўлишимиз керак. Ўйлайманки, ўзимизнинг ички имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланиб, ўз иқтисодиётларимизни ривожлантиришимиз, иш ўринларини яратишимиз, бошқа томонларга боғлиқлигимизни имкон қадар камайтиришимиз керак”, дейди депутат.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонга 20 млрд сўмлик тилла буюмларни олиб ўтган шахслар ушланди
«Антирадар» учун жарима қўлланиладими? ЙҲХБ матбуот котиби ушбу саволга жавоб берди
Наманганда 9 ойда 55 мингдан ошиқ чақалоқ дунёга келди
Файзуллаев мухлислардан узр сўради
Хитойда болаларни заҳарлагани учун болалар боғчаси ўқитувчиси қатл этилди