Энди Чемпионлар лигаси финаллари эртароқ бошланади

Энди Чемпионлар лигаси финаллари эртароқ бошланади

UEFA ўзининг асосий мусобақаси учун муҳим янгиликларни эълон қилди. 2026 йилда Будапештда бўлиб ўтадиган финалдан бошлаб, UEFA Чемпионлар Лигаси финалининг старт вақти одатдаги 21:00 дан 18:00 га кўчирилади. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар берди. 

Бу билан энди ЕЧЛ финали Тошкент вақти билан 00:00 да эмас, 21:00 да бошланади. 

Манбага кўра, бу қарор мухлислар, жамоалар ва мезбон шаҳарлар учун қулайлик яратиш, логистика ва ташкилий жараёнларни яхшилаш ҳамда умумий тажрибани бойитиш мақсадида қабул қилинган.

“Мақсадимиз – ўйин кунини нафақат футбол, балки ўйиннинг бир қисми бўлишни истаган ҳар бир киши учун чинакам завқли тажрибага айлантириш. Шу билан бирга, оилалар ва болалар учун мавсумнинг энг муҳим клуб футбол ўйинига ташриф буюришни осонлаштирадиган меҳмондўст муҳит яратмоқчимиз”, деди UEFA вакиллари. 

Янги вақт саёҳат қилувчи мухлислар учун ҳам қулайлик туғдиради. Улар ўйиндан кейин жамоат транспортидан бемалол фойдаланиб, хавфсизроқ ва тезроқ қайтиш имконига эга бўлади. Мезбон шаҳарлар учун эса бу – футбол байрамини узоқроқ давом эттириш ва иқтисодий ижобий таъсирни кучайтириш имконини беради.

 “Ҳафта ўртасидаги ўйинлар учун соат 21:00 мос бўлса-да, финал одатда шанба куни ўтказилади. Эртароқ бошланиши ўйин қўшимча вақт ёки пеналтиларгача чўзилса ҳам барибир олдинроқ якунланишини таъминлайди. Бу эса мухлисларга дўстлари ва оилалари билан кечқурун вақт ўтказиш имконини беради”, дейди UEFA президенти Александр Чеферин.

Европа футбол мухлислари уюшмаси (FSE) бош ижрочи директори Ронан Эваин ҳам қарорни олқишлади. 

“Бу мухлислар учун катта янгилик ва биз уни чуқур қўллаб-қувватлаймиз. Охирги икки йил давомида UEFA билан ҳамкорликда клуб финалларида мухлислар тажрибасини яхшилаш устида ишладик. Эртароқ бошланиш саёҳатдаги ташвишларни камайтиради, стрессни йўқотади ва мухлисларнинг завқини оширади”, дейди у.

UEFA регламентга ҳам ўзгартириш киритди. Регламентнинг 16.03 бандига мувофиқ, 2026-2027 йилги мавсумдан бошлаб икки жамоа кетма-кет уч мавсум давомида бир мезбон жамоасига қарши бир мусобақада тўқнаш келиши мумкин бўлмайди.

Масалан, агар 2024-2025 йилги мавсумда гуруҳ босқичида учрашган жамоалар 2025-2026 йилда ҳам ўша уй жамоаси билан тўқнашса, уларда 2026-2027 йилда яна шундай ҳолат кузатилмайди, бироқ икки жамоа ўз майдонида навбатма-навбат ўйнаши мумкин.


×