Алишер Усмонов ЕИ Кенгашини судга бериши мумкин

Алишер Усмонов ЕИ Кенгашини судга бериши мумкин

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов адвокати Йоахим Штайнхефель орқали “Forbes” журналидаги мақола туфайли туҳмат айби бўйича Европа Иттифоқи Кенгашига қарши судга мурожаат қилиши мумкин. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Маълумотларга кўра, Штайнхефель “Forbes” журналига қарши судга мурожаат қилган, чунки унда Усмонов “Россия Президенти Владимир Путинни ҳимоя қилгани ва унинг бизнес муаммоларини ҳал қилгани” айтилган. Бунгача эса Гамбург суди айнан ушбу мақолани ноқонуний деб топган, бироқ “Forbes” судга апелляция киритган. Чунки нашр мақолани “муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган фикр” эканини, факт эмаслигини айтмоқда. 

Европа Иттифоқи Кенгаши эса айнан шу мақолани Усмоновга қарши санкциялар киритишга асос қилиб олган. Агар Штайнхефель апелляцияда ғалаба қозонса, у Кенгаш билан ҳам судлашишни давом эттиради. Қайд этилишича, адвокатнинг даъвоси Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига қарши эмас, балки Кенгашдан баҳсли баёнотларни келажакда тарқатишни тўхтатишни талаб қилишга қаратилган.

Усмоновнинг адвокати телеканалга берган изоҳида “журналистнинг фикри санкциялар учун асос бўла олмайди”, дея таъкидлаган.

“Кенгаш манбаларни тўғри текширмайди ва матбуотдаги текширилмаган мақолалар билан кифояланади, ҳаттоки муаллиф судда ўз сўзидан воз кечганда ҳам”, дейди адвокат.

Бундан ташқари, у Усмонов “Украинани беқарорлаштиришни фаол қўллаб-қувватлайди”, деган айбловни ҳам рад этмоқда. Чунки бу фақат у Россия бюджетига солиқ тўлайдиган компания акцияларига эгалиги билан асосланган. Штайнхефелнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Кенгаши “воситачилар орқали мажбурлаш” усулидан фойдаланиб, гўёки “Москва устидан таъсир кучига эга” деб ҳисобланган бизнесменларга босим ўтказмоқда ва бу демократия тамойилларидан четга чиқади.


Теглар:
×