17 ёшли қиз ўзидан 2 ёш катта севгилисини қул қилиб сотиб юборди

17 ёшли қиз ўзидан 2 ёш катта севгилисини қул қилиб сотиб юборди

Хитойда 17 ёшли қиз ўзининг 19 ёшли севгилисини Мьянмадаги фирибгарларга 14 минг долларга қул сифатида сотиб юборди. Бу ҳақда “Thaiger” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, йигит ва қиз биллиардхонада танишган. Суҳбат давомида қиз ўзининг Мьянмадаги бадавлат ота-онаси ҳақида мақтаниб, йигитга иш топишда ёрдам беришни ваъда қилган. “Муҳаббат азобида” қолган йигит бунга рози бўлиб, жорий йилнинг февралида севгилиси билан Бангкокка борган.

Кейин улар Таиланд ва Мьянма чегарасига йўл олган, аммо йўлда улар ўзаро жанжаллашиб қолган. Шу пайт йигитга қуролланган шахслар ҳужум қилиб, унинг телефон ва паспортини тортиб олган. Кейинги тўрт ой давомида йигит асирликда сақланган. Уни мунтазам равишда сочларини қириб ташлашган ва онлайн фирибгарлик билан шуғулланишга мажбур қилишган. Меъёрни бажармаганида эса белига темир таёқ билан уришган. Доимий қийноқлар оқибатида йигит 10 килограммдан ортиқ вазн йўқотган ва қисман эшитиш қобилиятидан айрилган.

Бу орада босқинчилар йигитнинг оиласи билан боғланиб, 48 минг доллар миқдорида товон талаб қилган. Тўрт ой ичида керакли маблағ йиғилиб, йигит озод қилинган. Ўша пайтда қиз Таиландда ҳордиқ чиқараётган бўлган ва Хитойга қайтганида қўлга олинган. Унга фирибгарлик ва одам савдоси бўйича айблов қўйилган.

“У атиги 17 ёшда. Ким ўйлабди, у бундай ёвузликка қўл уради деб? У шундай жирканч ишларни қила олишига ақл бовар қилмайди”, дейди жабрланувчининг синглиси.


Теглар:
×