Ўзбекистонда соҳа масъуллари об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарур. Бу ҳақда бугун, 30 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Давлат раҳбари сўнгги уч йилда 250 минг гектар пахта ва ғалла ери озиқ-овқат етиштиришга берилгани, 160 минг гектарда янги боғ ва токзор барпо этилгани, эскирган 107 минг гектари янгилангани, 1 миллиард долларлик 1,5 мингта озиқ-овқат лойиҳаси ишга тушганини таъкидлади.
Бундан ташқари, 100 минг тонна сақлаш, 70 минг тонна қуритиш, 46 минг тонна саралаш ва қадоқлаш қувватлари яратилган.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Шу ойда Ўзбекистон Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Кенгаши аъзолигига сайланди.
“Бу миллий ва минтақавий ташаббусларни илгари суриш, янги лойиҳаларга маблағ жалб қилишда биз учун катта имконият”, дейди Президент.
Давлат раҳбари халқаро вазият кун сайин ўзгариб бораётгани, йилдан-йилга такрорланаётган об-ҳаво инжиқликлари, “аномал иссиқ” ва “аномал совуқ” деган тушунчалар одатий ҳолга айланиб улгурганига эътибор қаратди.
Бундай қалтис шароитда ҳар бир экспорт бозори мамлакатимиз учун ўта муҳимлиги, керак бўлса, бу – иқтисодий хавфсизликнинг устувор йўналишларидан бири экани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис соҳа масъуллари ва ҳокимлар об-ҳавони баҳона қилавермасдан, шароитга мослашиб, иссиқ ва совуққа, сувсизликка чидамли маҳсулотлар етиштиришга ўтиши зарурлиги қайд этилди.
Ўтган 6 ойда озиқ-овқат экспорти 44 фоиз ўсиб, 1 миллиард 326 миллион доллар бўлди. Экспорт географияси 16 та давлатга кўпайди.
Шу билан бирга, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортининг суръати бўйича қолган ҳудудлардан ортда қолаяпти. Навоий вилояти эса ўтган йилги кўрсаткичларига ҳам чиқа олмади.
Ушбу ҳудудлар ва уларга ҳукуматдан бириктирилган вакиллар бу борадаги ишларини фаоллаштириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Тасодифий хабарлар
Яна бир университет 14 кунга эмас, номуайян муддатга масофавий ўқиш шаклига ўтди
Жиззахда йўл бўйидаги 75 туп дарахтнинг атрофи бетонлаб ташланди
Ҳар бир талабага ойига 5 гигабайт бепул интернет берилади — Президент
САЛКАМ 700 МИЛЛИАРД СЎМГА ЯҚИН ҚҚС КОРХОНАЛАРГА ҚАЙТАРИЛДИ
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги (тўлиқ)