КХДРда илк бор севги ҳақида сериал намойиш этилди

КХДРда илк бор севги ҳақида сериал намойиш этилди

Корея Халқ Демократик Республикасида (КХДР) биринчи бор севги ва партия хатоларини очиқ тасвирлаган телесериал эфирга узатилди. Ушбу лойиҳа шахсан мамлакат раҳбари Ким Чен Ин томонидан маъқулланган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.

Қайд этилишича, 22 қисмдан иборат ушбу сериал “Пехек текисликларида янги баҳор” деб номланади. Асосий қаҳрамон – шаҳардан қишлоққа озиқ-овқат ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун юборилган амалдор. Унинг рафиқаси эса ёмон инфратузилма ва ўғли ўқиётган мактабнинг сифатсизлигидан азият чекади.

Сериалда оилавий тортишувлар, коррупция ва очиқ ифодаланган ҳис-туйғулар илк бор экран орқали акс эттирилган. Қаҳрамонлар ҳатто пора ҳам беради. Бу эса КХДР телевидениеси учун мутлақо ноодатий ҳолат.

Жанубий Кореядаги Донсо университети профессори Кристофер Мандэйнинг тушунтиришича, бундай контент КХДРнинг янги ахборот стратегиясидан далолат беради: муаммоларни тан олиш, аммо томошабинга шуни уқтиришки, фақат амалдаги тузумгина бу муаммоларни ҳал эта олади.


Теглар:
×