Лос-Анжелесда ҳаво таксилари ишга туширилиши мумкин

Лос-Анжелесда ҳаво таксилари ишга туширилиши мумкин

2028 йилги ёзги Олимпия ўйинлари (LA28) давомида Лос-Анжелесга келган меҳмонлар ва томошабинлар шаҳар тирбандликларидан қочиш имконига эга бўлиши мумкин. Ташкилотчилар режасига кўра, улар шаҳар устидан ҳаво таксилари ёрдамида ҳаракатланади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

LA28 ташкилий қўмитаси шаҳар тарихидаги учинчи ёзги Олимпиадага тайёргарлик учун масъул ташкилот Archer Aviation компанияси билан ҳамкорликни эълон қилди. Унга кўра, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари чоғида ҳаво таксилари томошабинларни спорт объектларига олиб бориб, қайтиб олиб чиқади.

“Биз одамларнинг Лос-Анжелес бўйлаб ҳаракатланиш услубини ўзгартирмоқчимиз ва Америкадаги транспорт келажагини белгилайдиган мерос қолдирмоқчимиз. Бу ишни бошлаш учун энг яхши фурсат – бу LA28 ўйинлари”, деди Archer Aviation асосчиси ва бош директори Адам Голдштейн.

Маълумот учун, ҳаво таксилари ғояси аввал ҳам кўп муҳокама қилинган. Жумладан, уларни 2024 йилги Париж Олимпиадасида ишга тушириш режалаштирилган, бироқ бу учувчисиз аппаратлар Европа авиация хавфсизлиги агентлигидан зарур сертификатни ололмаган. Шунга ўхшаш вазият ҳозирда АҚШда ҳам кузатилмоқда. Archer Aviation ҳали Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан сертификатланмаган. Демак компания транспорт воситалари ҳали тижорат мақсадида фойдаланишга тайёр эмас.

Агар сертификатлаш жараёни Олимпиадагача якунланса, ҳаво таксилари Лос-Анжелесда 10-20 дақиқалик парвозлар орқали меҳмонларни шаҳарнинг асосий спорт объектлари билан боғлаб беради. Ҳозирча ҳаво таксиларига чипта нархи эълон қилинмаган, аммо сафарларни махсус мобил илова орқали буюртма қилиш имконияти бўлиши айтилмоқда.

Маълумот учун, Лос-Анжелесдаги Олимпия ўйинлари 2028 йил 14 июлда бошланиб, 30 июлгача давом этади.


Теглар:
×