Мобил операторлар ўртасида кескин рақобат пайдо бўлмоқда. Эндиликда абонент рақамингизни ўзгартирмасдан исталган компанияга ўтиб кетишингиз мумкин бўлади!
Бугун, 27 октябр куни «ICTWEEK UZBEKISTAN – 2023» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикаси мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш хизмати (MNP) ишга туширилди.
Хизматнинг ишга туширилиши мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган мобил алоқа операторлари ўртасида соғлом, ижобий рақобатни янада кучайтириш билан бирга улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига олиб келади.
Унинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат кўрсатиш сифатига қараб исталган компанияни танлаши мумкин.
Бу жараёнда мобил алоқа абонентларига улар бошқа операторга кўчганда ўз абонент рақамини сақлаб қолиш имконияти тақдим этилади. Бу рақам йўқотилишининг олдини олади ҳамда алоқа операторлари томонидан рақам ресурсларидан янада оқилона фойдаланилишига хизмат қилади.
Дастлабки босқичда жисмоний шахслар ўзи ўтишни ҳоҳлаган мобил алоқа оператори офисига ташриф буюрган ҳолда мурожаат этади ҳамда мобил рақами кўчирилган янги сим картани олиб кетади.
Шунингдек, келгусида абонентларга қулайлик яратиш мақсадида масофадан туриб, онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали абонент рақамини кўчиришга ариза юбориш хизмати йўлга қўйилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Beeline, Mobi.uz, Ucell, UZTELECOM, Humans каби 5 та мобил алоқа оператори фаолият кўрсатади. Улар томонидан мижозларга мобил алоқа хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Агар хизматдан фойдаланиб, мобил алоқа оператори ўзгартирилса, кўчирилган рақамлар ўз шаклини ва кўринишини сақлаб қолади.
Шунингдек, мобил алоқа оператори ўзгартирилганда, кўрсатилаётган хизмат сифати қониқтирмаса, 30 календар кунидан сўнг дастлабки ёки бошқа операторга қайта ўтиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУКга кўчиб ўтган рақамларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш тўғрисидаги маълумотларнинг марказлаштирилган базасини шакллантириш ва ишлашини таъминлаш вазифалари юклан эди. Ўтган вақт давомида «ЎзТТБРМ» ДУК томонидан белгиланган барча ташкилий ишлар тўлиқ амалга оширилиши натижасида юқорида таъкидланган хизмат йўлга қўйилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Порталга мурожаат: Бу сафар Муниса Ризаева юзасидан... (+фото)
25 декабрдан Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилиши ростми?
Италиянинг икки машҳури Шомуродовга “оғиз солмоқда”
«Бинодан чиқиб кетинг!» – Президент Администрацияси раҳбари ўтказган мажлиснинг аудиоси тарқалди
Трамп Эрон Олий раҳбарини огоҳлантирди