Маълумки, Жиноят кодексининг 164-169-моддаларини ўз ичига олган Х боби “Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш” деб номланган. Афсуски, сўнгги пайтларда судларда кўрилаётган жиноят ишларининг аксарияти айни тоифадаги жиноятлардир. Айниқса, жамиятда юксак обрў ва эътиборга эга бўлган касб соҳибларининг бундай жиноятларга қўл ураётгани ачинарли ҳолдир.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси Илҳомжон Иномиддинов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам ўз нафсига алданиб, фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан жиноий тил бириктирди.
Гап шундаки, Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 15 январдаги ижро варақасига асосан Андижон вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасидан 423.323.673 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш белгиланган. Мазкур ижро варақа 2018 йил 24 апрелда Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлимига келиб тушгач, давлат ижрочиси И.Иномиддинов томонидан “Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида” қарор қабул қилинади. Шунга кўра, корхонага тегишли, шаҳарнинг Қўшариқ даҳасида жойлашган ёқилғи омбори, автотураргоҳ ҳамда бино ва иншоотлар далолатнома асосида хатланган. Ўша йилнинг 15 ноябрида эса хатланган кўчмас мулклар электрон онлайн аукцион савдосига чиқарилган. Бироқ унитар корхонанинг мурожаатига асосан 2019 йил 4 январда ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.
Кейинчалик маълум бўлишича, Андижон шаҳридаги “TEPLOPODYOMNIK” масъулияти чекланган жамиятининг 2019 йил 22 февралдаги ТП-0175-22 – сонли хулосасига мувофиқ, хатланган 2 дона ёқилғи сиғимлари яроқсиз деб топилиб, утилизация қилиниши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Андижон вилоят “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбари Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев 2019 йил 23 мартдаги алоқа хати билан яроқсиз деб топилган 2 дона ёқилғи сиғимларини утилизация қилиб, ундан тушган маблағни бўлса корхонанинг солиқ қарздорлиги ва ходимларнинг иш ҳақига йўналтириб беришни сўраган. Бинобарин, 2019 йил 25 март куни Илҳомжон бу хусусда қарор қабул қилади. Сўнгра 2019 йил 11 июнь куни 2 дона ёқилғи сиғимлари 2019 йил 18 апрелдаги далолатномага биноан “Ўзметкомбинат” АЖнинг “Иккиламчи қора метал” шўъба корхонаси Андижон филиалига 60.000 килограм метал ҳисобида топширилганлиги ҳақида “Иссиқлик манбаи” ДУК раҳбарига хабар беради. Алоқа хатига юқоридаги далолатномани ҳам илова қилади. Шунга асосан, М.Тўхтабоев топширилган 60.000 килограм метални корхона режасидан чегириб ташлашни сўрайди. Лекин “Иккиламчи қора метал” шўъба корхонаси Андижон филиали унга бунча миқдордаги метал топширилмаганлигини маълум қилади. Негаки давлат ижрочиси Илҳомжон Иномиддинов шаҳрнинг Бўстон даҳасида яшовчи, иккиламчи қора метал олди-сотдиси билан шуғулланувчи фуқаро Жаҳонгир Солибоев билан бирга ҳужжатларни сохталаштириш орқали тилга олинган 2 дона ёқилғи сиғимларини аллақачон 72.173.726 сўмга сотиб, пулларни ўзлаштириб юборган экан. Шу боис И.Иномиддинов ва Ж.Солибоевга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “а,в,г”-бандлари билан жиноят иши қўзғатилади.
Тасодифий хабарлар
“Тез ёрдамга” йўл берилмагани сабаб бемор “Тошкент” халқаро аэропортида вафот этди
Узрли сабаб билан тестда иштирок этмаган абитуриентларнинг пули қайтарилади – ДТМ
Расман: “Янгича тонировка”га рухсат берилиши кутилмоқда
1-курс талабаларига контрактни тўлашнинг сўнгги муддати белгиланди
Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритилди