Танзила Норбоева Наманган шаҳарида алоҳида перинатал марказ ташкил этишни таклиф қилди

Танзила Норбоева Наманган шаҳарида алоҳида перинатал марказ ташкил этишни таклиф қилди

Бугун, 24 август куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўртинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева Наманган шаҳри аҳолиси учун алоҳида перинатал марказ ташкил этиш масаласини кўтарди.

Сенат раисининг маълум қилишича, бугунги кунда аҳолиси сони 1 миллионга яқинлашган Наманган шаҳрида 4 та туғуруқхона фаолият юритмоқда. Вилоят перинатал маркази ҳам шу ҳисобда (250 ўринли).

Шаҳар аҳолиси, жумладан, туғиш ёшидаги аёллар сони эса муттасил ўсиб бормоқда (170 минг нафар). Ўтган йилда шаҳарда умумий туғуруқлар сони 20 мингдан ортиқни ташкил этган бўлса, 2023 йилнинг 6 ойида салкам 12 мингтага етган. Булар орасида эрта туғуруқлар ҳам бор (2022 йилда – 1 300 та, 2023 йил 6 ойида – 539 та).

Айнан эрта туғуруқлар сонининг кўплиги, қолаверса, шаҳар болалар шифохонасидаги неонотология (кам вазнли чақалоқларни парвариш қилиш) бўлими ортиқча юклама билан ишлаётгани сабабли шаҳар туғуруқ комплекси негизида алоҳида перинатал марказ ташкил этиш таклифи билдирилган.

“Фикримизча, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалани атрофлича ўрганиб, хулоса бериши зарур. Тўғри, шаҳар ҳудудида вилоят перинатал маркази ҳам жойлашган. Лекин сиғим жиҳатдан бугунги талабга жавоб берадими, деган савол туғилади.
Юқорида айтганимдек, эҳтиёж йилдан йилга ўсиб бормоқда. Аниқ, объектив ҳолатни тўлиқ очиб берадиган хулоса керак”, — деди Сенат раиси.
“Мана шундай перинатал марказларини ташкил қилиш масалаларининг аҳамияти асоратли туғуруқлар ва ногиронликнинг олдини олишда ниҳоятда катта. Айнан мана шу масала давлатимизда катта устувор вазифа этиб белгиланган. Шунинг учун перинатал марказларини эътибордан четда қолдириш мумкин эмас”, — дейди Танзила Норбоева.

Унинг билдиришича, ушбу объектни 2024 йилдаги Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш масаласининг Соғлиқни сақлаш ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари томонидан ижобий ҳал этилиши мақсадга мувофиқ.

Теглар:
×