Россия урушда оғир йўқотишларга учрагани айтилди

Россия урушда оғир йўқотишларга учрагани айтилди

Россия армияси Украинадаги жанговар салоҳиятининг ярмини, жумладан, 2500 танкини йўқотди ва Киев қарши ҳужумининг асосий зарбаси ҳали олдинда. Бу ҳақда Буюк Британия Қуролли Кучлари раҳбари адмирал Тони Радакинга таяниб, Британиянинг нуфузли “Financial Times” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, адмирал Радакин Украинанинг қарши ҳужуми секин кетаётгани ҳақидаги гапларни рад этган. Унинг айтишича, Москванинг агрессиясини қайтариш "ҳеч қачон бир марталик ҳаракат бўлмаган" ва Киевнинг душманни "йўқ қилиш, чўзиш (мудофаа) ва зарба бериш" ҳарбий стратегияси аста-секин Россия мудофаа чизиғини йўқ қилмоқда. 

Тони Радакиннинг тан олишича, Россия миналанган майдонларининг “кутилганидан юқори” зичлиги, олдинга силжиб бораётган Украина бўлинмалари учун ҳаво қатламининг йўқлиги ва Киев сўраган барча ҳарбий техниканинг етказиб берилмагани қарши ҳужум жараёнини мураккаблаштиради. Аммо у, шунингдек, Украинани маълум бир вақт қолипига солиш адолатдан эмаслигини ва "Россия ҳозир шу қадар сифлиги сабаб, унинг (ўз) қарши ҳужумга кучи йўқлигини" таъкидлади. 

“Россия ўзининг жанговар қобилиятининг деярли ярмини йўқотди. Ўтган йили у 10 миллион артиллерия снарядларини отган, ҳозир эса, энг яхши ҳолатда, йилига 1 миллион снаряд ишлаб чиқариши мумкин. У 2500 та танкни йўқотди ва йилига энг яхши ҳолатда 200 та (янги) танк ишлаб чиқариши мумкин”, дея Британия адмиралининг сўзларидан иқтибос келтирган “Financial Times”. 

Буюк Британия Украинага АҚШдан кейин иккинчи йирик ҳарбий ёрдам етказиб берувчи ҳисобланади. Лондон Киевни замонавий ҳарбий техника, жумладан, Challenger танклари ва узоқ масофага учувчи Storm Shadow қанотли ракеталари билан таъминламоқда. 

Британия парламентидаги қатор тингловларда адмирал Тони Радакин мамлакат Қуролли Кучларининг жанговар салоҳиятини кучайтириш, миллий қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади. Буюк Британиянинг йиллик мудофаа бюджети ҳозирда 50 миллиард фунт стерлинг атрофида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июль куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу янги ҳисобот билан чиқиб, Украина сўнгги бир ой ичида 2,5 мингга яқин турли қуролларини йўқотгани, Россия Қуролли Кучлари Жанубий Донецк, Запарожье ва Донецк йўналишларида 15 та самолёт, 3 та вертолёт ва 920 та зирҳли техникани йўқ қилганини айтган эди. Унинг айтишича, Украина учун Польша ва Португалия томонидан етказиб берилган ҳамма Leopard танклари йўқ қилинган. 


×