Саудия Арабистонида 22 февраль санаси илк бор байрам сифатида нишонланмоқда. Тарихий манбаларга кўра, 1727 йилнинг айни шу куни биринчи Саудия давлатига асос солинган.
Икки муқаддас масжид ходими, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд бу мамлакат халқини янада жипслаштирувчи кун эканини таъкидлаган.
«Биз 1727 йилда бу мўътабар мамлакатга асос солинган кунни айрича қадрлаймиз. Зеро, ҳозирга қадар ҳукм суриб келаётган тинчлик, барқарорлик ва адолат тамали ўшанда қўйилган эди», – дейди Саудия етакчиси.
Қайд этилишича, аждодларнинг мардона кураши орқали барпо этилган давлатчилик мамлакат халқининг тараққиёт йўлидаги бугунги саъй-ҳаракатларида ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Миллий-сиёсий байрам муносабати билан дунё етакчилари Саудия раҳбариятига табрик йўлламоқда. Қутлов номаларида подшоҳликнинг Араб-ислом оламида етакчилик ўрнига алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумотларга қараганда, милодий 1727 (ҳижрий 1139) йилда кўҳна Дирия шаҳрида имом Муҳаммад бин Сауд томонидан биринчи Саудия давлатига асос солинган. Салкам 300 йил аввал рўй берган бу тарихий воқеа замонавий давлатчилик пойдевори қўйилган кун дея баҳоланади. Орадан икки аср ўтиб, Муҳаммад бин Сауднинг авлоди подшоҳ Абдулазиз замонавий Саудия Арабистони давлатини барпо этган.
Айни пайтда Риёз музофоти таркибидаги Дирия шаҳрининг марказий қисми ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
22 февраль байрами Саудия раҳбарининг жорий йил январдаги фармони билан таъсис этилган. Тарихий сана муносабати билан мамлакат бўйлаб ҳарбий парад, маданий кўргазмалар, театр ва мусиқа намойишлари, халқ ўйинлари ўтказилмоқда.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ошгани маълум қилинди
Алиев қуролли тўқнашув бўйича мурожаат билан чиқди
Эртага сайлов: Жазо ўтаётган қанча маҳкумлар овоз беради?
Эртага ҳам Ўзбекистонда қор ёғади
Ўзбекистонда карантиндан кейин ҳам ниқоб тақиладими?