«Адолат» социал-демократик партияси фаоллари Ўзбекистонда TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклаш таклифини илгари сурди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
«Адолат» СДП фаолларининг таъкидлашича, TikTok’да ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг кўпаяётгани мазкур масалага жиддийроқ ёндашиш лозимлигидан далолат бермоқда. Бунга партия аъзолари самарқандлик мактаб ўқувчисининг отаси тенги эркак юзига тепгани мисол қилиб келтирилган.
«Биз ‘Адолат’ социал-демократик партияси фаоллари зўравонликка тамомила қарши инсонлар сафида туриб, юртимиз равнақи йўлида халқимизнинг ўлмас, бебаҳо қадриятларига ҳамоҳанг тарзда, ёшларимизни миллатимизга ёд бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдоримиз.
Бундай шарафли йўлда керак бўлса, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги TikTok сингари мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим. ‘Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку’, дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга ‘олтин кўприк’ вазифасини ўтаётган TikTok билан тиктокерларимиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июль ойида Ўзбекистонда TikTok ва Твиттерънинг очилиши секинлашди. 2 июль куни эса Ўзбекистонда айрим ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok’дан фойдаланиш расман чекланди.
Кейинчалик «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова TikTok ижтимоий тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди.
Тошкент шаҳар ҳокими «Тошкент ёшлар форуми — 2020» доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «тиктокерларга тақиқ қўйиш эмас, уларни тўғри йўлга йўналтириш бўйича иш олиб боришимиз кераклиги» ҳақида айтган эди.
«TikTok бир платформа, у ерда турли контент бор. Ҳамма ўзига керакли контент олади. Минг афсуски, тақиқ қўйилган одамлар керакмас контентларга киргани кўриниб турибди. Агар керакли контентларга кирилса, ҳеч қандай платформанинг зарари йўқ, деб ўйлайман. Менинг фикримча, тағин билмадим», — деган эди ҳоким «Тошкент ёшлар форуми – 2021» доирасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Тасодифий хабарлар
Экранларда кўринмай қолган машҳур ўзбек актрисалари ҳозир қаерда? (видео)
Оммавий ахборот воситалари давлатимизга душман эмас, дўст – Мирзиёев
Зўравон ИИБ ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Мирзиёев Алиевни 60 ёшни қаршилагани билан табриклади
«Жомадонга жойланган мурда»нинг қотилига суд ҳукми ўқилди