Чуст ҳокимлигининг учта автомобили “штрафной”га тиқилди

Чуст ҳокимлигининг учта автомобили “штрафной”га тиқилди

Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимлигининг учта хизмат автомобили тўпланиб қолган қарздорлик сабаб жарима майдончасига жойлаштирилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати хабар қилди. 

Қайд этилишича, Cobalt автомобилига (давлат рақам белгиси 50 066 DAV, аввалги рақами — 50 234 NAA) қайд этиш мосламада аниқланган қоидабузарликлари учун 7 млн 626 минг сўмлик 17 та жарима тайинланган.

Шунингдек, Nexia-3 русумли автомашина (50 068 DAV, собиқ рақами — 234 TAA) жами 5 млн 302 минг сўмлик 15 та жаримага тортилган. Машина асосан тезликни оширган. Бундан ташқари, светофорнинг қизил чироғидан ўтиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Trailblazer автомобили (50 234 МBА) эса 7 млн 775 минг сўмлик 10 та жаримага тортилган. Барча қоидабузарликлар тезликни ошириш билан боғлиқ.

Хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддаси 3-қисмига кўра қарздорлик тўла ундирилгунга қадар автомашиналар жарима майдонига жойлаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши ёки транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда худди шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор ошириб юбориши натижасида БҲМнинг 5 баробари миқдорида ёки 1 млн 350 минг миқдорида жарима белгиланган.

Шунингдек, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши БҲМнинг 5 баробари миқдорида ёки 540 минг миқдорида жарима белгиланган.

×