Бош прокуратура Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 11 ёшли қиз «Цефтриаксон» дори воситаси сабаб вафот этгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан маълумот берди.
Ўзини марҳуманинг опаси дея таништирган Севдо Тиллаева исмли Facebook фойдаланувчисининг ёзишича, 19 октябрь куни шифокор рецепти билан 11 ёшли синглиси Г.Р.га «Цефтриаксон» қилинган ва 3 дақиқа ичида инъекция реакция бера бошлаган (кўнгил айниш, тирноқлари кўкара бошлаган, қовоқларида жигарранг ҳалқалар пайдо бўлган, кўзлари қизариб кетган). Уколдан 10 дақиқа ўтиб, қиз Ангрен шаҳридаги болалар шифохонасига етказилган.
Кўрсатилган ёрдамга қарамай, 20 октябрь куни қизча вафот этган. Шифокорлар хулосасига кўра, унда бронхит ва анафилактик шок кузатилган.
«Синглимда сурункали бронхит борлиги сабаб у олдин ҳам бир неча бор ‘Сефтриаксион’ олган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, бу Ангрендаги учинчи ўлим ҳолати, дорихоналарда эса ушбу инъекция сотилмоқда. Бу восита Россиядан олиб келингани аниқланди, дори воситаларининг ярмидан кўпи сотувдан қайтарилган бўлса-да, бир қисми тарқалиб кетган», — деб ёзади у.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси ўтказилган. Дастлабки маълумотга кўра, марҳум Г.Р.нинг ўлими қоннинг суюқ ҳолатдалиги, ички аъзоларнинг кам қонлиги, кўз қовоқларининг ўтувчи пардалари, ўпка, вицерал варағи остида, юрак эпикардида майда нуқтачалар кўринишидаги қон қуйилишлари, бош мия ва ўпка шиши, ички аъзоларининг сувсизланиши, анафлактик шок, ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги, нафас йўлларининг яллиғланиши, тархеит, бронхит, икки томонлама ўпкалар яллиғланиши, гастроэнтероколит оқибатида юзага келганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Тошкент вилояти прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
Тасодифий хабарлар
Тошкентда ЙПХ автомобили дарахтга бориб урилди
Тошкентда бир кун ичида фуқаролардан 39 та пичоқ олиб қўйилди
41 млн сўмлик «узумни еб», пулини бермаган шахсга нисбатан иш очилди
Қодиров тирбандликни йўқотиш учун трамвайни қайтаришдан кўра тежамкор таклиф берди
Тирик чақалоқни ўлдириб қўйган шифокорларга суд ҳукми ўқилди