Аввалроқ собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўймоқчи эканлиги ҳақида хабар берган эдик. Отажонов энди ортиқ сиёсий фаолият билан шуғулланмоқчи эмас. Бу ҳақда у ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.
“Сиёсий масалада жонли эфир ташкил қилмаганимга 15 кун бўлди. Ҳар бир эфиримда онамнинг умри 5 йилга камайиб кетяпти. Ота-онамнинг ҳар куни йиғлаб ўтириши мен учун қимматга тушмоқда. Ҳаттоки, Президент бўлиб қолсам, буларга бирор кор-ҳол бўлса, менга татимайди. Шунинг учун, мен бутун жамоатчиликдан узр сўрайман. Ҳозирча, сиёсатдан чекиниб тураман. Қисмат бўлса, балки сиёсий фаолиятимни давом эттирсам ҳам ҳар куни онамнинг “ўлишини” кўриб ўтириш мени чарчатди”, дейди у.
Отажонов сўзида давом этар экан, бутун жамият ва сиёсатчилардан яна бир бор узр сўради:
“Бутун жамоатдан, бутун ватандошлардан, борки сиёсатчилардан ва борки партия аъзоларидан узр сўрайман. Ҳозирча бу ишни давом эттира олмайман. Чунки, онамни кўндириш учун 6 ой курашдим. Лекин сиёсий фаолият осон эмас экан, буларнинг ҳар куни сиқилиши мени чарчатди. Бу йилги президентлик сайловларида ҳам омад тилайман. Нимаики бўлса, халқимизнинг фойдаси учун бўлсин”.
Мурожаат якунида Жаҳонгир Отажонов онасига юзланиб, унинг шарафига “Онам учун” деб номланган концерт беришини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов 2020 йил декабрь ойида санъатдан кетганини эълон қилган эди. Орадан кўп ўтмай у жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган президентлик сайловида номзодини қўймоқчилигини оммага маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда кўпчилик фойдаланувчилар Жаҳонгир Отажоновнинг президентликка номзодини қўйиш тўғрисидаги мурожаатини ҳазилга йўйди ва “пиар” сифатида қабул қилди.
Бунинг ортидан, у Президент бўлиш нияти жиддий эканини таъкидлаб, ўзининг шу мавзудаги иккинчи видеомурожаатини қолдирди. У галдаги мурожаатида давлат раҳбарининг люкс саройларда яшашига қарши эканини айтиб ўтди.
Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаб, унда Президентдан ўзини туман ҳокими қилиб тайинлашни сўради.
Шундан сўнг, янги партия тузмоқчи бўлган Отажонов Адлия вазирлигига ташриф буюрди. Адлия вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоеванинг таъкидлашича, Жаҳонгир Отажонов янги партия тузиш мақсадида Адлия вазирлигига ҳақиқатан ҳам келган. Лекин партия тузишнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор.
“Жаҳонгир Отажонов янги партия тузиш мақсадида Адлия вазирлигига ташриф буюрди. Лекин партия тузишнинг ҳам ўз талаблари бор. Қонунчиликка кўра, ушбу партияни камида 20 минг одам қўллаб-қувватлаб, имзолаши керак. Унинг мурожаати ўрганиб чиқилади ва жамоатчиликка алоҳида маълумот тақдим этилади”, дейди Ўринбоева.
Жорий йилнинг 29 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Жаҳонгир Отажонов мурожаатларининг бирида туҳмат ва ҳақорат қилиш аломатлари мавжуд бўлгани сабабли, ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилганди.
Тасодифий хабарлар
Йўл қоидасини бузган ЙПХ ходими жаримага тортилди
Афғон учувчилари Ўзбекистонни тарк этди
Раҳбарларга хизмат автомашинаси сотиб олишда чекловлар ўрнатилади
Эртадан Ўзбекистонда ҳаво кескин совиши кутилмоқда
“Толибон” омма олдида эркак ва аёлни аёвсиз қамчилади