Сабзи нархи тушиши кутилмоқда

Сабзи нархи тушиши кутилмоқда

Ўзбекистонда тез орада сабзининг нархи нормал ҳолатга келиши кутилмоқда. Сабаби, эрта баҳордаги совуқ об-ҳаво туфайли тўлиқ етилиши деярли бир ойга кечиккан “эртаки сабзи” ҳосилининг йиғим-терим ишлари бошланди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

“Оммавий терим ишлари июль ойининг дастлабки кунларига белгиланган. Бу бозорни янги сабзи билан тўлиқ таъминланишига ва ушбу сабзавот нархининг тушишига олиб келади”, дейилади хабарда.

2021 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан умумий ҳисобда 124,4 минг гектар майдонда (ўтган йилдагига нисбатан 18,2 минг га кўпроқ) сабзи экиш режалаштирилган, ҳаммаси бўлиб 2,3 млн тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланган.

Қайд этилишича, мамлакат аҳолисининг сабзига бўлган бир йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил этади. Етиштирилган сабзи ҳосилининг қолган ҳажми экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилади. Аҳолининг истеъмол саватидаги сабзининг улуши 0,4 фоизни ташкил этади. Қиш-баҳор мавсумида аҳоли истеъмолини таъминлаш мақсадида 400 минг тоннадан зиёд сабзи захира қилинади. Мамлакатимизда сабзини қайта ишловчи 250-300 минг тонна қувватга эга 55 та корхона фаолият юритади. Улар томонидан сабзи асосан қуритилган, шок ҳолда музлатиш шаклида қайта ишланади. Қайта ишлашга хомашё сифатида сабзининг асосан кечки навлари олинади. Ўтган йили 110 минг тонна кечки сабзи қайта ишлангани маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, сабзи одатда йилига 4 маротаба экилади. Ноябрь-декабрь ойларида “тўқсонбости” усулида экилади (ҳосил одатда март-апрель ойларида тўлиқ етилади). Тўқсонбости усулида экилган экинларнинг уруғлари қишки ёғингарчиликлар натижасида тупроқдаги намликка тўйиниб, эрта баҳорда ҳаво ҳарорати 4-5 даража бўлгандаёқ бегона ўтлар уруғларидан олдин униб чиқади. 2021 йилда эртаки ҳосил олиш учун 2020 йил кеч кузда “тўқсонбости” усулида 30,3 минг гектар (ёки ўтган йилга нисбатан 5,8 минг гектар кўп) сабзи экилган. Ушбу усулда экилган сабзавот апрель-май ойларида бозорни етарли даражада сабзи билан таъминлаб турди ва у ўртача ҳисобда 2000-2500 сўмдан сотилди, дейилади хабарда.

×