8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди. Томонларнинг вояга етмаганлиги сабаб “иш” ёпиб юборилган (видео)

8-синф ўқувчиси фарзандли бўлди. Томонларнинг вояга етмаганлиги сабаб “иш” ёпиб юборилган (видео)

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган мактаб ўқувчиси C.C. 2019 йил 8-синфда ўқиётган пайтда тенгдоши Н.А.дан ҳомиладор бўлиб қолади. Орадан вақт ўтиб 2020 йил март ойида у қиз фарзандли бўлади, айни пайтда эса C.C. бир ёшга тўлган қизалоқни тарбиялмоқда. Бу ҳақида Nasafnews хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, туғилган боланинг отаси оиланинг яқин қариндоши бўлган.

«2019 йил май ойида кўричак бўлдим. Ўша пайтлари бирга ўқийдиган тенгдошим Н. А. уйга овқат олиб келди. Кейин дарс қиламиз деб айтди. Кейин китоб олгани шкафни ёнига боргандим, оғзимни қоплаб, қўлимни қайтарди. Мени мажбурлаб, зўравонлик қилди. «Мен сени оламан, ҳеч кимга айтма, бўлмаса ўлдириб кетаман» деган таҳдид билан уйига кетди. Эртаси куни яна югуриб чопиб кириб келди. Мен қўрққанимдан деразадан қочмоқчи бўлгандим, мени оғзимни қопладида қўлимни қайтарди. Яна зўравонлик қилиб, мажбурлади. Ҳушимдан кетиб қолувдим, уйғонсам қўлимни ўқалаб ўтирган экан. Кейин яна «мен сени оламан, ҳеч кимга айтма, агар айтсанг ўлдириб кетаман, ҳеч ким билмайди, ўлигингни тополмайди» деб таҳдид қилиб қўрқитиб кетди»,- дейди қиз.

С.С.нинг онаси З.Б. бу воқеалар содир бўлганида уйида бўлмаганини айтади. Маълум бўлишича, у турмуш ўртоғи ва қизлари билан далада бўлган

“Мен уни ҳомиладорлигини ҳомила 7 ойлик бўлганда билдим. Қамаши тумани Ички ишларига мурожаат қилдик. Болани соғлиги учун жавоб берасизлар деб биз 2 ой даволатдик. Бола карантин вақтида туғилди. Ҳозирги кунда мен ички ишларга ва қатор ташкилотларга мурожаат қилиб чиқдим. Лекин болалар вояга етмаган деб биттаям чора кўрилмаган”, – дейди қизнинг онаси.

З.Б. шунингдек, “портал”га, Ички ишлар вазирлигига, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига, Танзила Норбоевагача мурожаат билан чиққан. Унинг хатларига жавоб фақат Қамаши ИИБга келиб тушаверган.

Бундан ташқари томонлар тортишувидан сўнг оталикни аниқлаш бўйича ДНК экспертизаси ҳам ўтказилган. Натижага 99 фоиз боланинг оталигини кўрсатган.

Мазкур ҳолат юзасидан журналистик суриштирув натижасига кўра Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси А. Носиров вояга етмаган бола Н.А. жиноят содир қилган вақтида жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаганлиги сабабли айблилик масаласи ҳал қилмасдан туриб жиноят иши тугатилганини маълум қилган.

×