Ўзбекистонлик фуқаро Санкт-Петербург метросида маст ҳолда полициячиларга ҳужум қилгани учун 10 ойга қамалди

Ўзбекистонлик фуқаро Санкт-Петербург метросида маст ҳолда полициячиларга ҳужум қилгани учун 10 ойга қамалди

Санкт-Петербургнинг Фрунзенский туман суди ҳукумат вакилига қарши куч ишлатишда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси Р.Ж.га ҳукм эълон қилди. Бу ҳақда Piter.TV шаҳар судларининг бирлашган матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг ноябрь ойида соат 00:10 дан 02:50 гача бўлган вақт оралиғида «Международная» метро бекати вестибюлида ўзбекистонлик Р.Ж. маст ҳолда аниқланган.

Полиция ходимлари унга мурожаат қилиб, жамоат жойида маст бўлганлиги учун ҳибсга олишини айтган. Шу вақт Р.Ж. полициячиларга ҳужум қилиб, қўл кўтарган.

Маст эркак ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг боши, танаси ва оёқларига қўллари билан бир неча бор зарба берган, аммо полициячилар тезда Р.Ж.нинг қўлларини қайириб, вақтинча ҳибсда сақлаш хонасига олиб кирган.

У ерда Р.Ж. полиция ходимасини камеранинг панжарасига итариб юборган. Аёл танаси ва бошини тўсиққа уриб, полга йиқилиб тушган. Р.Ж. фурсатдан фойдаланиб, яна вестибюлга қараб югурган. Эркакнинг ортидан етиб олган полициячи уни қайта қўлга олган.

Судда Р.Ж. айбига иқрор бўлиб, қилмишига пушаймон бўлган. Шунингдек, у жабрланувчилардан кечирим сўраган. Суд бу одам рўйхатдан ўтмагани, муқаддам судланмагани ва ўз мамлакати томонидан ижобий характерланганини ҳисобга олиб, унга нисбатан колонияда 10 ойлик қамоқ жазоси ва 120 минг рубль миқдоридаги маънавий зарарни қоплаш тайинлаган.

×