Наманган вилоятида 2021 йилнинг 10 январидан ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифлари оширилади. Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг 2020 йил 19 декабрдаги «Наманган сув таъминоти» МЧЖнинг ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.
Маълум қилинишича, хизмат кўрсатишдаги харажатларни тўлиқ қоплаш ва «Наманган сув таъминоти»нинг рентабелли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тарифлар оширилмоқда.
Янги белгиланган ичимлик сув ва канализация хизматлари тарифлари аҳоли учун қуйидагича:
1 куб метр ичимлик суви махсус устама (50 сўм) билан 2600 сўм;
1 куб метр оқова сув хизмати махсус устама (50 сўм) билан 750 сўм.
Ўз навбатида, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 1 куб метр сув ҚҚС ва махсус устама билан бирга 3862,25 сўм, 1 куб метр оқова сув ҚҚС ва махсус устама билан бирга 1056,25 сўм этиб белгиланган.
- сув ўлчаш асбобига эга бўлмаган аҳоли хонадонларига етказиб берилган ичимлик суви учун тўловлар ўрнатилган ичимлик сув тарифларига кўтарувчи 1,5 коэффициент қўллаш йўли билан амалга оширилади;
- сув ўлчаш асбоблари билан жиҳозланмаган ва фуқаролар рўйхатга олинмаган турар жойларда ичимлик суви учун ҳисоб-китоблар ўрнатилган меъёрлар асосида ичимлик сув тарифларига кўтарувчи 1,5 коэффициент қўллаш йўли билан, бир ва икки хонали хонадонларга бир киши, уч хонали хонадонларга икки киши, тўрт хонали хонадонларга уч киши, беш хонали хонадонларга тўрт киши ҳисобида амалга оширилади.
Изоҳ берилишича, вилоят ҳокимининг 2019 йил 4 мартдаги 83-сонли қарори билан 2019 йил учун истеъмол қилинган ҳар 1 куб метр ичимлик суви учун барча истеъмолчилардан Ўзбекистон Республикаси ВМнинг Уй-жой коммунал хўжалигининг ривожлантириш жамғармасига 50 сўм миқдорида устама тўлови жорий этилган.
Кўрсатилган ичимлик суви ва канализация хизматлари учун 2021 йил 10 январгача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш сўралган, 10 январдан бошлаб кўрсатилган хизматлар учун янги тарифлар асосида ҳисоб-китоб қилинади (ҳозирги тарифга кўра Наманган вилоятида ичимлик суви нархи 1 куб метр учун 1200 сўм атрофида).
Бундан аввалроқ Тошкент шаҳрида ичимлик суви тарифларини кескин ошириш таклиф этилганди. Лойиҳага кўра аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2 фоиз), тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1500 сўмга (205,4 фоиз) ўсиши, шунингдек, канализация хизматлари учун тарифлар аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (қўшимча қиймат солиғисиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140 фоиз), тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2 фоиз) ўсиши кўрсатилганди.
Навоий вилоятида эса 2021 йил 1 январида ичимлик суви ва канализация хизмати нархи қарийб 3 баравар оширилади. Янги тарифга кўра, 2021 йилдан бошлаб 1 кубометр ичимлик суви аҳоли учун 3000 сўм (ҳозир 1080 сўм), бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 7500 сўм (3300 сўм), канализация хизматлари учун 1 кубометр сув нархи аҳолига 2700 сўм (1000 сўм), бюджет ва улгуржи истеъмолчиларга 7000 сўм (2800 сўм) этиб белгиланди.
Декабр ойида Самарқанд вилоятида ҳам депутатлар ичимлик суви нархининг ошиши бўйича қарорни тасдиқлашганди. Самарқандда аҳоли учун 1 куб метр ичимлик сувининг ошган нархи 1 850 сўм, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун 3 500 сўм қилиб белгиланган.
Октябр ойида Жиззах вилоятида ҳам ичимлик сувини ошириш бўйича қарор қабул қилинган, 2020 йил 10 ноябридан аҳолига 1 куб метр ичимлик суви учун 2500 сўм, ташкилот ва корхоналарга 1 куб метр учун 3500 сўм этиб белгиланган. Шунингдек, оқова сув хизмати учун аҳолига 1 куб метри 1000 сўм, ташкилот ва корхоналар учун 1 куб метри 1500 сўм бўлганди.
Тасодифий хабарлар
Россия ҳукумати истеъфога чиқади
Долларнинг расмий курси кўтарилди
Путин журналистга: "АҚШдаги сайловларга аралашамиз. Фақат ҳеч кимга айтманг, хўпми?" (ВИДЕО)
Андижонда эркак қайнанаси ва хотинини болта билан уриб ўлдирди
Франция — Аргентина баҳсини Ўзбекистонлик ҳакамлар бошқаришади