Наманганда чавандозлар мусобақаси бўлмоқда. Вилоят ҳокими ҳам улоқ-кўпкарига қўшилди!

Наманганда чавандозлар мусобақаси бўлмоқда. Вилоят ҳокими ҳам улоқ-кўпкарига қўшилди!

Бугун якшанба. Айни дамда ҳаво совуқ, қор ёғаётган бўлишига қарамай, Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган «Отчопар»да Тўрақўрғон тумани ҳосил байрами ва улоқ мусобақаси ўтказилмоқда. Қўшни Қирғизистон ва вилоятимизнинг жами ҳудудларидан моҳир чавандозлар ҳам келишган.

Кўпкарини вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, шаҳар ва барча туманлар ҳокимлари зўр қизиқиш билан кузатиб бормоқда. Вилоят раҳбарининг ғайрати жўшиб, дарров майдонга тушди ва улоққа қўшилди. У минглаб йиғилганлар олқишлари остида даврани бир қур айланди.


— Улоқ-кўпкари мард йигитларнинг машғулоти, бунга ишқибозликнинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Юртимизга байрамлар ярашади. Далаларимизда ҳосил доимо мўл-кўл бўлсин, биз шундай ажойиб тадбирларни уюштиришдан чарчамайлик, — деди вилоят ҳокими.
Косонсойлик ёш чавандоз Муродхон Абдурасулов икки йилдан бери от чопади, ёши 13 да. Унинг айтишича, ёқтирган бу завқли спорт турига болаликдан қизиқади.

Дарвоқе, мазкур мусобақада таниқли хонанда Тошпўлат Маткаримов «Оқ тулпорим бор эди…» дея кўпчиликнинг севимли қўшиғини куйламоқда. Таронага чавандозлар отда турган ҳолда рақсга тушишди.

Ғалла ва пахта режасини ортиғи билан, биринчилардан бўлиб бажарган Тўрақўрғон туманининг аёл ҳокимаси Зулайҳо Маҳкамова хурсандчиликдан ўйинга тушиб кетди. «Туманимиз деҳқонлари жорий йилда қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида фидокорона меҳнат қилди. Шукурки, мана, юзимиз юруғ», дейди Зулайҳо опа ҳаяжон билан кўтаринки кайфиятда.

Ахборотни тайёрлаётганимдан хабар топган наманганлик шоир ва журналист Абдусаттор Ботиров ҳозир ёзган янги шеъри билан ўртоқлашди:

Аждарҳодек кишнайди тулпор,
Туёғини кўкка кўтариб.
Бир улоққа мингта талабгор,
Осмонларга кўчар кўпкари.

Чопишни-ку бузоқ ҳам эплар,
Учмасинми турса қамчилаб?
Билмаганлар саманни мақтар,
Отда эмас,
Чавандозда гап!

Ташкилотчилар томонидан совринга тикилган туя, той, бузоқ, қўй-эчки, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар улоқни белгиланган жойгача дадил ортмоқлаб борганларга топширилмоқда. Беллашув қизғин тарзда давом этмоқда.

Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири.

×