Дам олиш кунлари вилоятимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари учун Наманган тумани пахта далалари ва «оқ олтин»ни қабул қилиш, қайта ишлаш, тозалаш корхоналарига медиа-тур уюштирилди.
Ижодкорлар дастлаб туманнинг Олаҳамак қишлоғидаги «Абдуқодир Шаҳриёр ниҳоли» намунали фермер хўжалигига боришди. Хўжаликнинг пахта майдони 30 гектардан иборат, жорий мавсумда 97,7 тонна ҳосил олинди ва режа 100,5 фоизга бажарилди. Бунда хўжаликда жорий этилган томчилатиб суғориш тизими муҳим омил бўлди.
Журналист ва блогерлар терган пахталарини тарозида торттиришгач, «Тошбулоқ текс» МЧЖга қарашли пахта заводига йўл олишди. Мазкур корхона 2019 йили ишга туширилган, йиллик қуввати 40 минг тонна пахтани қайта ишлаш имконини беради. Заводда 100 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар томонидан 2019 йил пахта ҳосили 6 ойда қайта ишлаб тугатилди.
Иши ошиб-тошиб ётган Наманган тумани ҳокими Садриддин Мўминов куни билан ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқлар фаолларига ҳамроҳлик қилди, саволларимизга эринмай, таҳлилий жавоб берди.
Медиа-тур Миришкордаги намунали дала шийпонида «бир пиёла чой» атрофида якунига етди. Унда Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов ҳам қатнашиб, теримчи ижодкорларга совғалар топширди. Самимий мулоқот ва қизғин кечган тадбирлар қатнашчиларга илҳом, ғайрат-шижоат бахш этди.
— ОАВ вакиллари бугун далаларимизда кечаётган жараёнларни идора ёки кабинетларда эмас, бевосита ҳудуднинг ўзида кўздан кечираётганлари, ўзлари иштирок этишга бел боғлагани таҳсинга лойиқ. Вилоятимиз давлатга пахта сотиш шартномавий режасини бажариш арафасида турибди. Яна қисқа муддатлардан сўнг бу маррани ҳам забт этамиз. Наманган вилояти пахтакорлари эришган меҳнат ғалабасини ҳам албатта биринчилардан бўлиб сизлар ҳамюртларимизга етказасиз, — деди вилоят ҳокими.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.
Тасодифий хабарлар
«Мен сизларга нима дегандим?» — Лукашенко Ўзбекистон ҳақида айтган башоратини эслатди
Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун яна бир талаб жорий этилди
Ўзбекистонга ёпирилган чанг бўроннинг “спутник”дан олинган сурати эълон қилинди
Наманганда қизил чироққа тўхтамаган Spark Nexia’га келиб урилди
Депутат Сардоба фожиаси ҳақида: "Бу аҳвол билан AЭС қуриш тугул, ҳозирча унинг ёнига яқинлашмай турганимиз маъқул экан"