Ниқобга спирт суртса, коронавирус юқмаслиги ростми?

Ниқобга спирт суртса, коронавирус юқмаслиги ростми?

АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков коронавирус инфекцияси борасида аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарди:

— Пандемия даврида дорихоналарда дори воситалари нархи кўтарилаётганини тартибга солиш бўйича қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Республика махсус комиссияси ушбу масала юзасидан мунтазам иш олиб бормоқда. Комиссия бу борада прокуратура, Солиқ инспекцияси, Фармацевтика агентлигига дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишига йўл қўймаслик бўйича тегишли топшириқларни берган.

— Коронавирусдан ўлганларнинг кўпчилиги ортиқча вазндан азият чекишган деб эшитдим, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

— Тўғри, коронавирусдан вафот этганларнинг аксариятида ортиқча вазн, сурункали касалликлари борлиги рост маълумот. 

Ортиқча вазн нафақат коронавирус касаллигида, балки, бошқа кўплаб юқумли касалликларга чалинганда ҳам қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

— Уй шароитида докадан қилинган ниқобга спирт томизиб юринг коронавирус юқмаслигини таъминлайди, деган видеолар тарқалиб кетди. Бу усул қай даражада самарали, агар бунақа килиб юрилса спирт паридан заҳарланиб колмайдими одам?

— Аксарият антисептик воситалар таркибидан спирт борлиги ҳақида биз биламиз ва эшитганмиз. 

Спирт пари билан нафас олиш, юқори нафас йўлларидаги вирусни ўлдириши бўйича алоҳида изланишлар олиб борилиб, ижобий тасдиқланган маълумотлар олинганлиги ҳақидаги ахборотларга кўзимиз тушмади.

Аммо билиб-билмай, меъёрдан ортиқ ишлатиш албатта салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳеч ким эсдан чиқармаслиги керак.

— Коронавирус билан ўпка пневмонияси касалликлари бир бирига боғлиқ касалликларми?

Пневмония касаллиги бу ўпканинг яллиғланиши бўлиб, унинг юзага келишида сабаблар жуда кўп. Баъзи ҳолатларда пневмониялар бактериал, вирусли, замбуруғли этиологияли бўлиши мумкин.

Коронавирус касаллигининг энг жиддий асоратларидан бири - бу пневмония ҳисобланади. Ўзбекистонда қайд этилаётган коронавирусдан ўлим ҳолатларининг аксарияти айнан ушбу асорат билан боғлиқ.

×