Мисрдаги Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси барча дин вакилларини 14 май куни Рамазон рўзасини тутишни таклиф қилди. Бу таклифини қўллаб-қувватлаб, Рим папаси Франциск католиклар ва барча динларга мансуб одамларни Рамазонда бир кун рўза тутишга ва пандемияга барҳам бериш учун Худога дуо қилишга чақирди. Бу ҳақда "qalampir.uz" ёзмоқда.
“Бутун инсоният Худодан инсонларга коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам беришини сўрашлари керак“, дейди Рим папаси Франциск.
Динлараро Олий қўмитанинг ушбу таклифини Пападан ташқари Мисрнинг Ал-Азҳар университети Имоми Аҳмад ал-Таяб ҳам олқишлади. Имом, шунингдек, дунёдаги барча одамларни ушбу пандемияни тўхтатиш мақсадида Аллоҳ учун ибодат қилишга ва хайрия ишлари билан шуғулланишга чақирди.
Папа Франциск нима деди?
“Ибодат умумбашарий қадрият бўлганлиги сабабли, 14-май куни қўмитанинг барча динлардаги имонлиларни бирлашишга чақирганини олқишлайман. Ушбу кунда Рамазон рўзасини тутишга, хайрия қилишга ва инсониятга коронавирус пандемиясини енгишда ёрдам бериш учун Худога дуо қилишга чақираман“, дейди Папа.
Рим папаси Францискнинг ёрдамчиси Монсеньор Йоаннис Лахзи Гайд, 14 майни тарихий кун деб атади. Лахзи Гайд Мисрдаги Динлараро Олий қўмитанинг аъзоси ва руҳонийси ҳисобланади.
“Ушбу кунда бутун инсоният биринчи маротаба ягона мақсад учун бирлашди. Ҳар бир инсон ўз эътиқодига кўра бирга ибодат қилади, бу кунда Худога бўлган иймон бир-биридан фарқ қилмайди, балки бирлашишидан далолат беради“, дейди Гайд.
Унинг фикрича, вирус барча одамларни бирлашишга, бир мақсад йўлида ҳаракат қилишга ўргатди. Гайд, ушбу муаммолардан бирдамликсиз чиқиб кетиш мумкин эмаслигини қўшимча қилди.
“Вирус бизни заифлигимизни ва биродарлар сифатида бирлашиш зарурлигини англашга мажбур қилди. Биз бу муаммолардан алоҳида чиқа олмаймиз. COVID-19 барчамизни тиз чўкишимизга мажбур қилди. Аммо тиз чўкиш ибодат қилиш учун энг яхши имкониятдир”, дейди Гайд.
Маълум қилинишича, Рим папаси Франциск ва Инсоният қардошлиги олий қўмитасининг инсониятни бирлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари бутун дунёда динга асосланган камситувчи амалиётларга барҳам бериши мумкин. Қўмитанинг таъкидлашича, одамлар олимларни вакцина топишини дуо қилиб сўраши керак.
Жаҳон раҳбарлари чақириқни қўллаб-қувватламоқда
Рим папаси Францискнинг Рамазон ойида рўза тутишга чақириши дунё миқёсида қўллаб-қувватланди. Дунё етакчилари, шу жумладан БАА шайхи Муҳаммад бин Зайд Ан-Наҳян, Ливан Президенти Мишель Аун ҳам бу чақириқни қўллаб-қувватладилар. Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антонио Гутерриш ҳам 14 май куни Папанинг чақирувини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у “инсоният учун дуо қилишда“ қатнашишини маълум қилди.
“Қийин кунларда биз тинчлик, инсоният ва ҳамжиҳатлик учун биргаликда туришимиз керак“, дейди Гутерриш .
Шу билан бирга, Константинополнинг экуменик патриархи Бартоломей ҳам бу чақириқни қўллаб-қувватлади. У ўзи раҳбарлик қиладиган диний жамоани ушбу кунда Рамазон рўзасини тутиб Худога дуо қилишга чақирди.
Инсоний биродарлар бирлашмаси Динлараро Олий қўмитаси
Бирлашган Араб Амирликлари ўтган йили барча динларнинг энг яхши аъзоларидан ташкил топган Олий қардошлик қўмитасини тузишга ёрдам берган эди. Қўмита мақсади Инсоннинг қардошлиги тўғрисидаги ҳужжатларда кўзда тутилган принциплар ва қадриятларни қўллашдир. Ҳозирда Испания, Италия, БАА, Англия, Болгария, Миср, АҚШ ва Либериядан 11 аъзоси бор. Бундан ташқари, қўмита мақсадларига динлараро алоқалар орқали эришишга интилади. Қўмита диний дунё етакчиларини “ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш қадриятларини қўллаб-қувватлаш ва тарқатиш“ га чақиради.
Таъкидланишича, айни пайтда, Рим папаси Францискнинг Рамазон ойида рўза тутишга даъват қилиши исломофобияга қарши туриши мумкин. Маълумотларга қараганда, Исломофоблар коронавирусдан дунё бўйлаб мусулмонларни ёмон кўрсатиш учун фойдаланишган.
Тасодифий хабарлар
Энди Ўзбекистонда 621 минг сўм топган одам камбағал эмас
Грузияни собиқ президенти Саакашвили ҳибсга олинди
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида транзит савдоси тўғрисидаги битим тасдиқланди
2022 йилда иш ҳақи, пенсия ва стипендия оширилади
Наманганга вақтида етиб бора олмаган йўловчилар «Uzbekistan Airways» борткузатувчисини жароҳатлади