Рамазон айтиб келдик эшигингизга...

Рамазон айтиб келдик эшигингизга...

«Хуш келибсан, моҳи Рамазон... «Рамазон айтиб келдик эшигингизга...» Шу сўзлар билан бошланувчи қўшиқ барчамизга болалигимизни эслатиши табиий. Чунки унда болалик давримизнинг рамазон ойи билан боғлиқ қувончлари, завқу шавқлари бор. Бироқ, бугунга келиб… Ифторлик дастурхонига ўтиргандан эшик қўнғироғи жиринглаб, болаларнинг овози эшитилади: «Рамазон айтиб келдик...» Ўзинг ва оилангга раво кўрган энг яхши ширинликларни болаларга ҳам илиниб эшикни очасан. Лекин улар қўлингга қарашади-ю, юзларидан ҳафсалалари пир бўлгани кўринади. Қўшиқнинг охирига зўр беришади: «Чиқара қолинг, минг сўм пул!..» Бу эса кўнгилга оғир ботади. Тушунасанки, болалар «Рамазон айтиб келдик...»ни фақат пул йиғиш учунгина айтишяпти. Уларга фақат пул керак... Орқаларидан тушуниксиз кайфиятда эшикни ёпасан. Лекин яна ҳеч қанча ўтмай эшик тақиллайди. Очасан, яна бир гуруҳ «рамазончилар». Ширинликларинг яна «музтар» бўлишини хоҳламайсан, лекин пул бергинг ҳам келмайди. Йўқ, қизғонганингдан эмас, болаларнинг ҳолига, уларнинг ҳолидан бехабар ота-оналарга ачинганингдан беришни истамайсан... Аслида, рамазон рўзаси ва бу ой билан боғлиқ урф-одатлар миллий қадриятларга айланиб, турмуш тарзимизга сингиб кетган. Рамазон қўшиқлари ҳам шундай. Лекин бир ҳақиқатни тан олиш керак — кейинги пайтда рамазон қўшиғини айтиш тиланчиликнинг янги кўринишига айланиб қолгандек. Бу сўзларим билан асло қўшиқни тўхтатиш, болаларни уни айтишдан қайтариш керак, демоқчи эмасман. Зотан, рамазон қўшиғи — қадриятимиз. Қадриятларимизнинг қимматини эса уларни қай даражада қадрлашимиз белгилайди. Юқоридаги ҳолатларда болаларни айблаш ноўрин. Чунки уларда бирор салбий одатнинг шаклланишида «энг катта кўмакчи» — ота-оналарнинг, катталарнинг эътиборсизлиги. Сўзим сўнгида айтмоқчи бўлганим, энг аввало, ўзимиз қадриятларимизнинг моҳиятига етиб қадрлайлик. Фарзандларимизга ҳам шу асосда тарбия берайликки, биз болалигимизда ҳис қилган завқлардан бебаҳра қолишмасин. «Рамазон айтиб келдик...» қўшиғи уларнинг покиза тасаввурларига, худди бизда бўлганидек, саховат, эзгулик улашувчи қўшиқ бўлиб ўрнашсин. Мақолада айтилганидек, бу билан фарзандларимиз динимизнинг бир фарз амали — рўза тутишга ҳам руҳан, ҳам жисман тайёргарлик кўриш сабоғини олишсин. Мурғак қалбларда рамазон ойига бўлган юксак ҳурмат, унга интиқлик ҳислари қарор топсин.

Теглар:
×