Беихтиёр ўзимиз ҳам қўшилиб ижро этардик: “Худойим ўғил берсин бешигингизга!”
Бу галги Рамазоннинг илк ифтори мени узоқ ўйга толдирди. Яратганга шу муборак ва синовли кунларга етказгани учун шукур билдириб, фотиҳа ўқидик. Авваллари дастурхон йиғиштирилмасидан одатда маҳалла болаларининг қувноқ (борган сари баланд) овозлари янграрди.
Ҳа, барчамиз учун қадрдон ҳамда беғубор дамларни ёдга солувчи бу халқ ижодиёти қўшиғи қутлуғ ой кириб келиши билан қалбларимиздан жой эгалларди. Онахонларимиз, опа-сингилларимиз шомдан кейин эшик тақиллатувчи қўшниларнинг фарзандларига атаб нон, туршак, қанд-қурс, мева ва бошқа егуликлар тайёрлаб қўйишарди, сахий оталаримиз, ака-укаларимиз эса озроқ пул ажратишарди.
Бугун ифторлик тугагач, карантин тартиби хаёлимдан кўтарилиб, шошиб дарвоза томонга қарадим. Бултур айни вақтларда атрофдан катта-кичик болакайларнинг овози эшитиларди. Энди эса ҳаммадан кўра уларга қийин бўляпти, зерикишяпти, ўртоқлари билан ўйнолмаяпти, деб диллаб ўтирганимда бирдан 6 ёшли ўғлим Ибратбек қўлимни ушлаб, “Дада, юринг, мана белбоғ, Рамазон айтайлик!” деса бўладими. Дарров унга “Полвоним, вазиятни кўриб турибсан-ку, кўчага чиқиш мумкинмас.
Худо хоҳласа, ҳайит байрамида қариндошларникига, шаҳарга, бозорга боришимиз учун яхши ният билан дуо қилайлик. Кел, менда зўр таклиф туғилди, ҳозир нариги хонадаги бобонг ва бувингларни ҳайратлантириб, олдиларига “Рамазон”ни куйлаб айтиб кирамиз”, деганимдан сўнг чеҳраси очилиб, “Урра!” дея чопқиллаб кетди. Ихчамгина белбоғимизга юқорида санаганларимизни қўша-қўша ташлашди, уларни ҳозир ўғлим ёнига қўйиб, хурсанд ҳолда уйқуга ётди. Хуллас, иккимизнинг чиройли мақсадимиз ҳосил бўлди, кичкинтойнинг нозик кўнгли кўтарилди…
Барибир шоирнинг машҳур “Буюк имтиҳон” шеъри яна эсимга тушади:
Кимсасиз кўчалар, бўм-бўш боғларда
Аччиқ бир ҳақиқат кезар оҳлардай.
Болалар яйраши керак чоғларда
Кўргани ҳадикли дунёдир энди.
Сен – не имтиҳондан омон ўтган халқ,
Бошидан не яхши-ёмон ўтган халқ,
Қонингдан қонимга имон ўтган, халқ,
Бир-бировга меҳринг шифодир энди.
Орифжон ЖЎРАЕВ
Тасодифий хабарлар
Kollej binolarida endi maktab o‘quvchilari o‘qiydi
Ортиқхўжаев зиммасига яна бир вазифа юклатилди
Сўхда 17 ёшли ҳужжатсиз ҳайдовчи ЙТҲга учради
«Британча» штаммни Ўзбекистонга киритмаслик мумкинмиди?
Янги йил тадбирларини 30 кишидан кўпроқ жамоа билан ҳам нишонлашга рухсат берилди