Наманган вилоятининг Поп туманидаги ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, январь ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш борасида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда текширув ишлари ўтказилган.
Унга кўра, муассаса мансабдор шахсларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашувлари натижасида – хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилиб, ер участкасининг ихтисослашуви ўзгартирилиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган.
Бундан ташқари, 460 нафар ижарачилардан ижара пуллари ундирилмагани оқибатида давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилган.
Қолаверса, ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктириб, 2023-2025 йиллар давомида жами 5356 метр/куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олиб, давлатга 1 млрд 322 млн сўмлик зарар етказган.
Тезкор тадбирда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси муқаддам хўжалик балансида бўлган ва кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерлардан 20 сотих қисмини танишлари орқали Чуст туманида яшовчи фуқарога турар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу мансабдор шахс муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамасдан, берилган имкониятлардан тўғри фойдаланмаган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистон ОТМларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланиши ростми? Вазирлик изоҳ берди
6 ёшли болани уриб, қочиб кетган депутат шармандаларча партиядан ҳайдалади
30 июль кундуз куни кутилаётган об-ҳаво маълумоти, Наманганда ёмғир, момақалдироқ
Ўзбекистонда энг қиммат ош қаерда ва нархи қанча?
Қашқадарёда 17 ёшли қиз отасини уриб, ўлдириб қўйди