31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев олий таълим масаласида фикр билдирди.
«Яқинда кўп ректорлар ишдан олинади. Менинг столимда турган маълумотларга кўра, бу ректорлар билими, савияси ва ватанпарварлик даражаси билан ректор бўлиш у ёқда турсин, ҳатто қоровул бўлишга арзимайди», – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Давлат раҳбари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилган аттестация натижаларини ҳам эслаб ўтди.
«Бугун олий ўқув юртлари раҳбарларига сўз беришга вақт бўлмади. Аввалги йиғилишлардан бирида мен «Нархоз» ҳақида гапирдим. У ерда ходимларнинг 60-65 фоизи аттестациядан ўтмаган. 20 йил давомида фарзандларимизни виждон, билим ва маълумотга эга бўлмаган одамлар ўқитишди. Бу болалар нима бўлади? Қаерга боради? Улар қаерда ишлайди? Банкларда ишлаш имкониятига эга бўла оладиларми? Йўқ», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг фикрича, банк соҳаси мутахассислари малакасининг пастлиги Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетида илмий салоҳиятнинг етишмаслиги билан боғлиқ.
«Мен нега банкларимизни чет элликларга бермаяпман? Нега уларнинг банкларини киритишга шошилмаяпман? Чунки улар ҳозир кириб келадиган бўлса, бизнинг банклар мижозсиз қолади», – деди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, таъкидланишича, ректорлар ва бошқа университет ходимларини қамоққа олиш билан коррупцияни бутунлай йўқ қилишга эришиб бўлмайди.
«Биз энг аввало, атроф-муҳитни ўзгартиришимиз керак. Ўқитувчилар ёш, рақобатбардош талабаларга билим бера олмаслигидан уялишлари керак. Бу гаплардан ҳар битта университет раҳбари хулоса чиқариши керак.
Бизга шу юртни биладиган, севадиган, садоқатли ва ҳалол кадрлар керак», – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Тасодифий хабарлар
Путиннинг куни Эрдўғoнга қолдими?
Ўзбекистонда 2020 йилда қанча ўлим ҳолати қайд этилгани маълум қилинди
“Ўқрайиб қараш”нинг оқибати пичоқбозлик билан тугади
«Аҳмадбой»нинг неча миллиард қарзи бор? МИБ ушбу суммани ошкор қилди
Наманганда сенатор учрашувга келмаган “Ўзтрансгаз” АЖ вакилини масъулиятли бўлишга чақирди