Наманганда Халқаро қизлар мактаби очилди

Наманганда Халқаро қизлар мактаби очилди

Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида Абу Райҳон Ал-Беруний номидаги Халқаро қизлар мактабининг тантанали очилишига бағишланган маросим бўлди.

Бу ҳақда “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси, Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими соҳалари мутасаддилари, барча шаҳар ва туманларидан келган бир гуруҳ устоз-муаллимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тақдимот жараёнида Ал-Беруний номидаги Халқаро мактабининг имкониятлари, ундаги ўқитиш ва таълимни ташкил этиш жараёнлари, хорижий тажриба ва амалиёт билан боғлиқ жиҳатлар, халқаро ҳамкорлик, хусусан, нуфузли халқаро ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Пойтахтдан кейин иккинчи бўлиб Наманганда ташкил этилаётган Ал-Беруний номидаги Халқаро қизлар мактабида дарсларни хорижий давлатларда таълим олган, малака ва тажриба ўрганган катта салоҳиятга эга бўлган ўқитувчилар олиб борадилар. Қизларнинг барча замонавий фанларни мукаммал эгаллаши учун жаҳоннинг ривожланган давлатларидаги каби қулайликлар яратилган.

Бундан ташқари, китобхонлик маърифат даргоҳи фаолиятида муҳим ўринга эга бўлиб, бебаҳо хазина бўлган китоб ҳар бир ўқувчининг ёнида юрадиган доимий дўстига айланади. Дарсдан ташқари машғулотларда хореография, санъат, маданият, нотиқлик маҳорати каби ўнлаб йўналишларнинг қамраб олингани эса ёшларнинг илму иқтидорини юзага чиқаришга қанот бағишлайди.

Тадбир иштирокчилари онлайн тақдимот, слайд тарзида намойиш этилган маъруза ва чиқишлар орқали Ал-Беруний номидаги Халқаро мактаб имкониятлари ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлдилар.

Наманган шаҳридаги “Курашхона” даҳасидаги “Водий” автосалони биносининг 2,3-қаватларида жойлашган Ал-Беруний номидаги Халқаро қизлар мактабига жорий ўқув йилида 1-синфдан 11-синфгача жами 220 нафар қиз қабул қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу илм масканига қабул жараёнлари қизғин давом этмоқда.

Тақдимот маросимида Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражапов қатнашдилар.

© namangan24.uz

×