Эронда генерал Қосим Сулаймоний ниҳоят дафн этилди (видео)

Эронда генерал Қосим Сулаймоний ниҳоят дафн этилди (видео)

Эроннинг Кирмон шаҳрида АҚШ президенти Дональд Трамп буйруғига кўра ўлдирилган генерал Қосим Сулаймонийнинг дафн маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ISNA агентлигига таяниб, Meduza хабар бермоқда.

Қайд этилишича, дафн маросимига юзлаб одамлар келган. Улар жўр бўлиб «Америкага ўлим!» дея ҳайқирган.

Дастлаб Сулаймонийни 7 январь куни дафн этиш режалаштирилган. Бироқ дафн маросимида юз берган тиқилинч оқибатида 56 киши ҳалок бўлгани ва яна 200 киши жабрлангани сабабли видолашув маросими бошқа санага қолдирилган эди.

Генерал Қосим Сулаймоний 3 январь куни АҚШ авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлган эди. Пентагон баёнотига кўра эронлик генерал АҚШ президентининг буйруғига кўра ўлдирилган — Трамп Сулаймонийни биринчи рақамли террорчи деб атаган эди.

Эрон Сулаймоний ўлими учун ўч олишга ваъда берган. 8 январь куни Эрон Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси АҚШнинг Ироқдаги иккита ҳарбий базаларига 10 дан ортиқ баллистик ракета учирган.

АҚШ Бағдод аэропортига авиазарба бериб, эронлик нуфузли генерални йўқ қилгани учун Ироқ парламенти Америка қўшинларининг мамлакатдан чиқариб юборилиши учун овоз берган. Трамп эса америкалик ҳарбийлар Ироқ мамлакатда қурилган авиабаза учун пулларни тўламагунича ҳеч қаерга чиқиб кетмаслигини айтган.

×