ДХХ Чегара қўшинлари бошқа бировнинг паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринган Афғонистон ва Тожикистон фуқароларини ушлади

ДХХ Чегара қўшинлари бошқа бировнинг паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринган Афғонистон ва Тожикистон фуқароларини ушлади

ДХХ Чегара қўшинларининг sarhad.uz телеграм канали хабар беришича, Тошкент халқаро аэропортида бошқа бировга тегишли Буюк Британия паспорти билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган Афғонистон фуқароси қўлга олинди.

2019 йил 17 ноябрь куни ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан И. Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида “Дубай-Тошкент” йўналиши билан мамлакатимизга келган йўловчининг паспорти текширилганда унинг бошқа бировга тегишли бўлган фуқаролик паспорти билан мамлакатимиз ҳудудига кирмоқчи бўлганлиги аниқланди.

Текширувлар натижасида 1987 йилда туғилган бу шахснинг Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси эканлиги аниқланди. У Буюк Британия фуқаросига тегишли бўлган паспорт билан мамлакатимиз ҳудудига киришга уринган.

Шунингдек, Тожикистонлик фуқаро акасининг паспорти билан Ўзбекистонга киришга уринди. ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан “Сариосиё автойўл” ўтказиш пунктида ўтказилган текширувлар давомида мамлакатимизга ноқонуний йўллар билан кирмоқчи бўлган қонунбузар фаолиятига чек қўйилди.

Тожикистондан мамлакатимизга кириб келаётган 1983 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқароси З.Б.нинг паспорти текширилганда паспортнинг аслида унинг акаси 1976 йилда туғилган З.З.га тегишли эканлиги аниқланди.

×