NordPass компанияси 2026 йилги пароль тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Унга кўра, дунёда энг кўп ишлатиладиган пароль еттинчи марта “123456” бўлди. “admin” ва “12345678” ҳам энг кўп тарқалган пароллар қаторидан тушмаяпти.
Тадқиқотни NordPass ва NordLayer Intelligence мустақил киберхавфсизлик мутахассислари билан бирга ўтказган. Улар 2025 йил сентябридан 2026 йил сентябригача очиқ маълумотлар сизиб чиққан ҳолатларни ва даркнетда тарқалган паролларни ўрганган. Таҳлил 44 мамлакатни қамраган.
Биринчи учлик ўзгармади
Ҳисоботга кўра, “123456” саккиз йиллик тадқиқотнинг етти нафарида биринчи ўринни эгаллаган. Бу йил ҳам рейтинг бошида ўша пароль турибди. Иккинчи ўринда “admin”, учинчисида “12345678” бор.
“password” пароли еттинчи ўринга тушди. “1234” эса биринчи бешликдан жой олди.
Оммавий маданият таъсири
Тадқиқотчиларнинг фикрича, одамлар парольни танлашда оммавий маданиятдан ҳам таъсирланади. Паролларда спортчилар, мусиқачилар, видео ўйинлар, аниме ва ижтимоий тармоқлар номлари тез-тез учрайди. Масалан, “Lebron0319”, “Savage20”, “roblox.com1” ва “kibiditoilet” комбинациялари қайд этилган.
COVID-19 пандемияси ҳам из қолдирган. “Covid@19”, “Covid-19” ва “corona2020” каби паролларга ҳалигача дуч келинади. Тадқиқотда 2020 йил февраль ва октябрь ойлари орасида фойдаланувчилардаги пароллар сони ўртача 25 фоизга ошгани ҳам айтилган.
Мутахассислар нима дейди
NordPass мутахассислари камида 15 белгидан иборат пароль танлашни тавсия қилади. Унда катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгилар бўлиши керак. Ҳар бир аккаунтга алоҳида пароль қўйиш, кўп босқичли аутентификацияни ёқиш ва паролларни мунтазам янгилаш ҳам маслаҳат берилади.
Йиллар ўтса ҳам рейтик бошидаги пароллар ўзгармаётгани кўпчилик ҳисобини осон бузиш мумкинлигини кўрсатади. Шу сабабли мутахассислар содда рақамлар кетма-кетлигидан воз кечишга чақирмоқда.









